Самарқанд саммити фақатгина Ўзбекистоннинг тарихий обидалари рекламаси билан ёдда қолаётгани йўқ. ШҲТ саммитида Ортиқхўжаевга тегишли экани айтиладиган компания бренди — минерал сувлари ҳам яширинча реклама бўлди.
ШҲТ якунлари бўйича ҳисоботда айтилишича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитига оид материаллар телеграмм каналларида 340 миллион марта кўрилган ва 51 минг марта қайд этилган.
ШҲТ саммитининг ОАВдаги тўғридан-тўғри намойишида ҳар бир президент столида “Ocard” масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқарган Blanc blue сувларини кўриш мумкин эди.
Президентлар столига сув бренди тескари қаратиб қўйилган бўлишига қарамай онлайн видеоларда бренд номлари кўриниб турган. Саммитдан кейинги ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан ўтказилган тадбирда эса, сув бренди номи очиқчасига намойиш этиб қўйилган.
Сиёсий арбоб В.Норов амалдор ҳамкасбига тегишли брендни яширишни эсламади.
Табиийки, ШҲТ саммитидан сурат ва видео тарқатган давлат оммавий ахборот воситалари ҳам сув брендини намойиш этди.
Rost24.uz сайтида давлат телеканали ва “Ocard” МЧЖ ўртасида шартнома бор ёки йўқлиги бўйича маълумот мавжуд эмас.
“Ocard” МЧЖнинг интернет саҳифасида бренд бир нечта халқаро сертификатларга эга эканлиги очиқ намойиш этилган. Сертификатларнинг бирида электрон манзил сифатида Ортиқхўжаев асос солган @artelelectronics.com кўрсатилган.
Бундан ташқари, ўзбек жамоатчилигига таниқли бўлган тадбиркор Мурод Назаровнинг ОАВга берган интервьюларининг бирида “Ocard” сувининг рекламасига унинг эгаси, яъни Ортиқхўжаев қизининг илтимоси билан тушганлигини билдирган эди.
Бизда савол туғилди:
Давлат аҳамиятига молик катта халқаро тадбирда ишлатиладиган сув айнан давлат амалдорига тегишли бўлиши манфаатлар тўқнашувига кўз юмилганини кўрсатмайдими?
ШҲТ Самарқанд саммити ташкилотчи ва мутасаддилари жамоаси бу камчиликни билмаган ҳолда кўздан қочирганига ишониш қийин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Реклама тўғрисидаги қонуни 14-моддасида . яширин реклама ҳақида бўлиб, унга кўра яширин рекламадан радио-, теле-, видео-, аудио- ва кино маҳсулотда, шунингдек, бошқа маҳсулотда фойдаланишга ва уни ўзга усуллар билан тарқатишга йўл қўйилмайди.