Бугун Самарқанд шаҳрида 10 дан ортиқ давлат раҳбарлари йиғилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг биринчи иш куни бошланиш арафасида. Ҳозиргача Самарқанд аэропорти Хитой, Эрон, Мўғулистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия Федерацияси, Покистон давлат раҳбарларини қабул қилди.
Мутахассислар ШҲТ саммити мураккаб геосиёсий вазиятлар фонида ўтаётганини таъкидлашмоқда. Ўзбекистон томони эса бир бири билан қайсидир маънода зиддиятли вазиятда бўлган давлатлар учун ҳам бугунги саммит мулоқот майдони бўла олишини таъкидламоқда.
Ғарб ШҲТ Самарқанд йиғилишида Россия Федерацияси президенти устунлик қилишидан хавотирда. Ўзбекистон эса ШҲТга аъзо давлатлар ўзаро тенг ҳуқуқли эканлиги ва учрашувлар ҳам айнан шундай руҳда ўтишини айтган. Самарқандга Ўзбекистон ҳудудий яхлитлигига оид кескин баёнотлар берган Белорусия президентининг ҳам келиши кутилмоқда.
Шунингдек, саммит давомида турк нашрлари Туркия давлати президенти Режеп Тайип Эрдўған Россия Федерацияси президенти Владимир Путинни Украина президенти Зеленский билан музокара столига ўтиришга чақириши ҳақида ёзмоқда. Ҳамда Россия ва Хитой раҳбарларининг мулоқотида янгилик кутилаётгани айтилмоқда.
Россия президенти Украинадаги вазият сабаб кўп давлатларда хоҳланмаган меҳмонга айланган. Хитой халқ республикаси раиси эса пандемиядан кейин илк бор қатор давлатлар хусусан Россия етакчиси билан юзма-юз учрашмоқда.
Ўзбекистон саммитда қатнашадиган давлатлар учун мулоқот майдони яратиб бераётгани айтилмоқда. Бироқ ҳозиргача бу мулоқотлардан қандай йирик ўзгариш ёки ечимларга келиниши ҳақида таҳлилчилар бирон янгилик айтган эмас.
Хусусан, Ўзбекистон ва Эрон ўртасида кеча қатор шартномалар имзоланган. Кечаги учрашувлардаги катта янгилик Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон давлатларини боғловчи темир йўлни қуриш бўйича ҳамкорликка эришилгани бўлди. Биламизки, Қозоғистон орқали ўтадиган бу темир йўл айни дамда Ўзбекистонни ташқи бозор билан боғловчи ягона темир йўли бўлиб қолмоқда. Афғонистон орқали ўтувчи темир йўли ҳамон якунига етказилган эмас. Бу масала ҳам бугунги саммит аъзолари ўртасида муҳокама қилинувчи мавзулардан бўлиши шубҳасиз.
Рост24 Саммит ҳақида янгилик ва хабарлар узатишда давом этади.