Ташкилотчилар ШҲТ саммити арафасида Самарқанддаги ўзгаришлар ҳақида фотоларни тақдим этиб, «Меҳмонларни ажаблантира оламиз», дейишмоқда.
Янги аэропорт
Самарқанд саммити учун барча зарур инфратузилма тайёрланди, янги замонавий ва юқори технологик аэропорт қурилди.
Лойиҳанинг дизайни «ўтмиш ва ҳозирги замон уйғунлигини» намойиш этади. Аэропорт терминалининг биноси олим Мирзо Улуғбекнинг фундаментал асари «Зижи Жадиди Кўрагоний» («Кўрагонийнинг янги астрономик жадвали») ни ифодаловчи «очиқ китоб» шаклига эга.
Унинг томида юлдузлар туркуми тасвирланган. Бинонинг кенглиги 175.м, баландлиги 25 м.ни ташкил этади.
Бу шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига атоқли астроном Мирзо Улуғбекнинг бутун инсоният илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини яна бир бор эслатади.
Саёҳатчиларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий технологиялар жорий этилди: Йўловчилар ва юкларни рўйхатдан ўтказишнинг янги тури ҳамда қўнгандан сўнг қулай хизмат кўрсатиш тизими ишга туширилди.
Аэропорт соатига 800 нафар йўловчи ва ҳафтасига 120 тагача рейсга хизмат кўрсатиш қувватига эга.
Silk Road Samarkand сайёҳлик маркази
ШҲТ меҳмонлари ва, албатта, сайёҳлар учун янги Самарқанд халқаро сайёҳлик маркази қурилди — бу режалаштирилган саммит тадбирлари ўтказиладиган асосий ҳудуд бўлади. Қурилишнинг асосий объектлари 135 гектар майдонни эгаллади.
Машҳур эшкак эшиш каналининг икки қирғоғида «абадий шаҳар» этнографик шаҳарчаси, виночилик шохобчаси, меҳмонхоналар ва ШҲТ мамлакатлари раҳбарларининг учрашувлари бевосита ўтказиладиган улкан уч қаватли Конгресс-холл жойлашган. Унинг майдони 2800 квадрат метрни ташкил этади.
Биринчи шахсларнинг учрашувлари ўтказиладиган асосий залнинг майдони эса 65х65 м, баландлиги 14 метрни ташкил этади.
Сайёҳлик маркази ҳудудида балиқ овлаш учун сунъий кўл яратилди. Марказий майдон сайёҳларни «мусиқий» фаввора билан қувонтиради, меҳмонлар Eco Village коттедж шаҳарчасида яшаши мумкин.
Сентябрь ойида кўп функцияли Silk Road Samarkand сайёҳлик марказида умумий сони 1200 дан кўп хоналарга эга саккизта халқаро даражадаги меҳмонхоналар ўз эшикларини очади. Улардан иккитаси 5 юлдуз тоифасига киритилган.
Жумладан, Samarkand Regency Amir Temur Марказий Осиёдаги The Leading Hotels of the World — дунёдаги етакчи меҳмонхоналар уюшмасига киритилган биринчи ва ҳозиргача ягона меҳмонхона бўлади.
Самарқанд эшкак эшиш канали
Бу яна бир маҳаллий диққатга сазовор жой. Каналнинг узунлиги 2180 метрга тенг, кенглиги эса 150 метрдан ошади. У эшкак эшиш мусобақаларининг халқаро стандартларига тўлиқ мос келади.
Бу ерда турли халқаро мусобақалар ўтказилади. Жумладан, 2025 йилда Осиё ўсмирлар Олимпиадаси Ўзбекистонда, эшкак эшиш турнирлари эса Самарқандда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинган.
Маълумот учун: 2022 йил 15-16 сентабр кунлари Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг 22-саммити бўлиб ўтади. ШҲТнинг бу йиғини Ўзбекистонда ўтказилган саммитларнинг тўртинчиси бўлади. Бундай муҳим халқаро тадбир 2004, 2010 ва 2016 йилларда Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.