Тошкентда бир ҳафтада талабалар учун яна 10 минг ўринли қўшимча ётоқ жойи яратилади.
Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигида талабаларни тураржой билан таъминлаш масаласида ўтказилган йиғилишда Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида бунёд этилган «Tashkent Index» савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли тадбиркорлар биносини бир ҳафта муддатда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида талабалар учун тураржойга айлантириш таклифини берган.
Ушбу бино "Mimar group"га тегишли бўлиб, Жаҳонгир Ортиқхўжаев корхоналаридан бири эканлиги айтилади. Мажмуа янги ташкил этилган Янгиҳаёт туманида жойлашган, ер усти метросининг 5-бекатига (сўнгги бекат) яқин. Шу туфайли бу ҳолат куннинг тиқилинч вақтларида метрога юклама бўлишига олиб келиши мумкин. Агар мазкур таклиф инобатга олинса, вазият поездлар қатнови орасидаги вақт ҳам қисқартирилишини тақозо қилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир Абдуқодир Тошқулов ҳозир талабалар тураржойи қурган тадбиркор катта фойда қилишини, давлат энди тадбиркор қурган ётоқхонада турган ҳар бир талаба учун ҳар йили 8 миллион сўм атрофида пул тўлаб беришини айтган эди.
Унинг айтишича, ОТМ атрофида бўш бино бўлса, тадбиркор уни реконструкция қилиб ётоқхонага айлантирса, давлат унга ҳам субсидия тўлаб беради.
«Тошкент шаҳрида ҳозир кундузги бўлимда 157 минг нафар талаба бор. Шундан тураржойга эҳтиёжи борлар — 82 892 нафар.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги бир оз аввал берган хабарида «Агар ҳамшаҳарларимиз, тадбиркорлар ва бошқа фаолларда талабаларнинг турар жойи масаласини тезкорлик билан ҳал этишда аниқ ва мақбул таклифлар бўлса, албатта, инобатга олинади», деб маълум қилди.