МУСТАҚИЛЛИК СИЗ УЧУН НИМА?
"Кеча пойтахтдаги байрамда «Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?» қўшиғи қўйилибди. Шуни ўйлаб ўтирибман. Бечора кекса коммунистларнинг ҳоли не бўлди экан ўша дамларда? Мен Каримов «Лазги»га ўйнаган замонлардан бери байрамларни кўрмайман, улар бир ҳовуч «протокол»даги тўралар учун. У ерларга оддий қора халқ яқинлаштирилмайди ҳам. «Безатилган тойчоқлар», яъни «Зулфиячи»лар, 5-10 мукофотланганлар боради, холос. Қолгани қора костюмлилар. Халқники бўлмаган байрамни кўриб нима қиламан.
Аммо «Гўзал Туркистон»ни майдонда тинглаган бечора коммунистларга ичим ачиди.
Аммо Брежневдан мукофот олган «партаппарат»нинг эски тулкилари Каримовдан ҳам орден-медалларни, мукофот ва имтиёзларни олишдан армони қолмади. Қизиғи, унинг қабри совишга улгурмай, ўша қари такалар Мирзиёевга ҳамду-сано ўқишни бошлашди. Отага ёққани Акага ёқмайдими? Яна ўшалар сийланди, яна унвонлар, яна имтиёзлар, яна орден-медаллар ўшаларники бўлди...
Ишонаманки, Туркистон қайта тикланса, яна ўшалар амалда, лавозимда бўлади.
Ҳазардан Олтойгача чўзиладиган Буюк Турк давлати дунёга келса, ўша Буюк давлатда ҳам булар мансаб ва лавозимларни эгаллашади!
100 % аминманки, Амударёдан серсоқоллар ўтиб келса, нон-тузни ўшалар кўтариб чиқишади. Соқол ўстириб, оёғига «тапичка» кийиб, улардан ҳам мансаб, лавозим олишади!
Мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши бўлган, аммо Каримовни «Мустақиллик меъмори» деб атаган, бугун Мирзиёевни «Халқнинг отаси» деётган, хуллас, мустақиллик даврида ҳам маза қилаётган амалдорларга байрам муборак бўлсин!"
Каримберди Тўрамурод –
журналист, ёзувчи
ХЎШ, СИЗ УЧУН МУСТАҚИЛЛИК БУ НИМА?
Фикр ва мулоҳазаларингиз Rost24.uz'да эълон қилинади.
Мурожаат учун — https://t.me/rost24aloqa_bot