Ўзбекистон судьялари одоб-ахлоқ ва манфаатлар тўқнашувини олдини олиш принципларига амал қиладими? Аксарият расмий ва норасмий учрашувларда, тадбирларда Олий суд ва бошқа суд тизими судьяларини давлат амалдорлари билан ёнма-ён кўрамиз. Судьялар бизда амалдорлар билан кўпинча яқин,аксар ҳолларда эса давлат идораларида йиллаб ишлаган прокурор, ички ишлар ходимлари ҳам судьялик лавозимига тайинланаверади.
Агар фуқаро ва давлат ходими судда бир-бирига қарши курашса, амалдор билан йиллаб бирга ишлаган судья, давлат ходими тарафида бўлмаслигига ким кафолат беради. Судьяларнинг йирик амалдорлар билан "ош-қатиқ" бўлиши, биргаликда турли маросимларда кўриниш бериши одатий ҳолдек бизни хавотирга солмайди. Ваҳоланки, бу майда кўринган ҳолатлар суд тизимини мустақил бўлишида, амалдорлар эмас, халққа аниқроғи ҳақиқат тарафга иш кўришида халақит қилиши табиий.
Мана шундай вазиятларни олдини олиш мақсадида Европа ва аксар демократик давлатларда судьялар давлат амалдорларидан узоқ юришга интилади. Ҳамда бу касбий этика меъёри сифатида белгиланган. Шунингдек, давлат идорасида ишлаган ички ишлар ходими тўғридан-тўғри ҳеч қачон судьялик лавозимига тайинланмайди. У орада бир йиллик карантин муддатини ўтаб, университетда дарс бериши ёки давлат идораси бўлмаган жойда иш ўташи лозим. Мазкур масала юзасидан rost24.uz сайти мухбири Судьялар олий кенгаши раҳбариятидан муносабат сўради.
Судьялар олий кенгаши аъзоси Маликахон Қаландарова ушбу масала юзасидан фикр билдирар экан бизда судьялар карантини мавжуд эмаслигини таъкидлади.
«Судлар тўғрисидаги қонуннинг 65-моддасида 35 ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга ва 7 йиллик юридик стажга эга бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикаси фуқароси судья сифатида тайинланиши мумкин. Бошқа чекловлар мавжуд эмас. Фақатгина 67-моддада рўйхат келтирилган унда айнан судланганлик ёки одил судловни амалга оширишда тўсқинлик қилувчи ҳолатлар келтирилган. Лекин, шахсият билан боғлиқ ёки манфаатлар тўқнашуви вужудга келмаслиги учун судьяликка тайинланмасликка оид норма белгиланмаган. Бироқ, судьяларни тайинлаш ва тайёрлаш жараёнига шу қадар эътибор бериляптики сўнгги йилларда фақатгина судьялар олий мактабини тамомлаган шахсгина судьяликка тайинланиши мумкин. Мана шу жиҳат орадаги карантин муддатига тўғри келади. Агарда манфаатлар тўқнашуви бўйича муаммо юзага келадиган бўлса, бизда раддия бериш институти бор. Шу ҳуқуқдан фойдаланиб масала ҳал бўлаверади», дейди Маликахон Қаландарова.