“Қишлоқ қурилиш банк” уч йўналишда ипотека кредити ажратмоқда

26.08.2022 10:54

“Аҳолини уй-жойлар билан таъминлашга доир ислоҳотлар ва унда “Қишлоқ қурилиш банк” иштироки” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан ажратилаётган сармоялар, эришилаётган натижалар ва режалар ҳақида маълумот берилди.

Ҳозирда  янги тартиб доирасида қурилган, мулк ҳуқуқига эга ҳамда қабул қилиб олинганига уч йилдан кўп бўлмаган, янги қурилган 4 ва ундан юқори қаватли уй-жойлар ёки ундаги квартираларни харид қилиш учун  кредит шартномалари тузилади. Мазкур ипотека кредитлари 20 йил муддатгача, бошланғич  бадал  сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда таклиф қилинади.

Банк томонидан ажратилаётган ипотека кредитларининг иккинчи йўналиши, аҳолининг шахсий ер участкасида уй-жой қуриш ва қайта қуриш учун мўлжалланган кредитлардир.

Ушбу кредит тури Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида, аҳоли шахсий ер участкасида уй-жой қуриш ва қайта қуриш учун 20 йилгача, мижоз истагидан келиб чиқиб 6 ойгача имтиёзли давр билан ажратилади. Кредит фоизи бозор ставкалари асосида ўрнатилиб, бошланғич бадал миқдори лойиҳа-смета қийматини 15 фоизидан кам бўлмаслиги талаб этилади.

Сўнгги учинчи йўналиш – “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК иштирокида арзон уй-жойлар қурилиши учун ажратилаётган ипотека кредитлари ҳисобланди. Кредит 1 йиллик имтиёзли давр билан 20 йилгача муддатга берилади. Кредит фоиз ставкаси дастлабки 5 йилда 7 фоиздан Марказий банкнинг асосий ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда асосий ставкаси миқдорида берилади.

Ушбу  кредитларни  олиш  учун  мижоз Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сонли қарорига асосан тегишли тавсияномага эга бўлиши ҳамда “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК билан уй-жой олиш юзасидан тегишли шартнома расмийлаштириши талаб этилади.

Ипотека кредитлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 327,25 миллион сўмдан ҳамда Тошкент шаҳрида эса – 416,5 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ажратилмоқда.

Шунингдек, матбуот анжуманида давлат бюджетидан субсидиялар тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилингани қайд этилди. Сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъий назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар 32 миллион сўм этиб, қатъий белгиланган.

Эътиборли жиҳати, субсидия бўйича аризалар йилнинг исталган пайтида берилиши мумкин ва субсидия хабарномалари берилган пайтдан бошлаб, бир йил давомида амал қилади.

Реклама 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар