Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Хотин-қизлар форумида гендер тенглик, тадбиркор аёллар муаммолари, муваффақият сирлари, рақамли иқтисодиётда аёлларнинг роли, оилавий зўравонлик каби қатор муаммолар муҳокама қилинди.
Форумнинг Хитойлик қатнашчиси Шинь Шэюэ хоним Хитойда 1991 йилдан бошлаб аёлларнинг тадбиркорликдаги роли, давлат сиёсатидаги ўрнини ошириш учун жиддий ҳаракатлар амалга оширилганини таъкидлади. Унинг айтишича, айни дамда Хитой тадбиркорларининг 25 фоизини аёллар ташкил этар экан. Ўзбекистонда бу кўрсаткич эса 39 фоизни ташкил этмоқда. Республикада банд бўлган аҳоли вакилларининг 45 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
“Покистонлик аёллар миллий анъаналарни сақлаб қолган ҳолда сиёсий карьераларини давом эттиришга ҳаракат қилишади, бу эса осон эмас”, дейди покистонлик сенатор Нилуфар Бахтиёр.
Қозоғистон президенти Администрацияси вакили Аида Балаева яқинда Қозоғистонда аёлларга оилада зўравонликнинг олдини олиш учун қонун ишлаб чиқилганини билдирди.
Расмийлар ўз давлатларидаги гендер тенглик сиёсати учун амалга оширилаётган ишлар борасида ҳисобот берди. Форум давомида тадбиркор аёллар учун B2B учрашувлари ҳам ташкил этилди.