Тошкентдаги форумда покистонлик сенатор Нилуфар Бахтиёр оташин нутқ сўзлади
Тошкентда бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хотин-қизлар форуми давомида Покистон вакили Нилуфар Бахтиёр ҳам сўзга чиқиб, кўпчиликни эътиборини аёллар дуч келаётган кундалик муаммоларга қаратди.
«Мен покистонлик 140 миллионлик аёллар номидан салом айтаман.
Ўзбекистон ҳақиқатан Марказий Осиё юраги бўлган меҳмондўст илиқ мамлакат. Мен буни аэропортда самолётдан тушишим биланоқ ҳис қилдим. Мени аэропортда гўзал қизил атиргуллар билан, худди шу гуллардек гўзал аёллар кутиб олишди.
Покистонда аёллар ҳар тонгда умид билан уйғонади. Покистон аёллари турлича улар орасида қийинчилик, қурол, уруш, йўқчилик, хўрлик билан юзлашган. Шу ерда Тошкентдаги Конгресс Холлда ўтириб оддий аёлларни, биз бу ерда аёллар қадри ҳақида маъруза қилиб ўтирганимиздан умуман бехабар бўлган ва таълимга, нормал ҳаётга имконияти йўқ, гендер тенглик ҳақида тушунчаси бўлмаган, 17 ёшга чиқмай турмушга берилган, укаларига боқиб қараб ўтириб мактаб таълимидан қолиб кетган, ҳаётнинг оғир қийинчиликларини елкасида кўтариб юрган аёлларни ҳам эслаб ўтишимизни хоҳлардим.
ШҲТ аёллар форуми барча қатламдаги аёллар ҳуқуқи, тенглиги учун ҳисса қўшади деган умиддаман. ШҲТ доирасида аёллар учун махсус стипендиялар, лойиҳалар амалга оширилади деб ишонаман», деди Нилуфар Бахтиёр.
У Покистонда ижтимоий заиф қатлам аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот раҳбари, ҳам Сенатор сифатида ўз мамлакатининг аёлларга оид сиёсати хусусида ҳам маълумот берди.
Қайд этишича, Покистонда ҳаво десантлари орасида аёллар сони ортиб бораётган экан. Мамлакатда аёллар банки фаолият олиб боради. Исломий анъаналарга риоя қилинадиган давлат бўлса-да, аёлларга ҳамма жойда тегажоғлик бор, ҳатто юқори ҳукумат ташкилотларида ҳам.
Ҳукумат тепасида ўтирган амалдор энг қуйидаги заиф қатламни унутмасагина биз дунёни қутқара оламиз, деб сўзини якунлади покистонлик сенатор Нилуфар Бахтиёр.