Янгича сайт ва янги очиқ ёндашув...

03.01.2021 06:18

Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти – president.uz мутлақо янгича форматда ва шаклда 1 январдан тест режимида ишга туширилди. Бу сайтдан иш жараёнида доимий фойдаланиб турганим сабабли, уни бирма-бир кузатиб чиқдим.

Гап унинг дизайни ўзгаргани ҳақида ҳам эмас. Контент жиҳатидан ҳам бойитилгани диққатимизни тортмоқда.

Биз шу пайтгача давлат бошқарувининг энг юксак органи ходимлари таркиби ҳақида маълумотга эга эмас эдик.

Янги сайтда “Президент Администрацияси” деган алоҳида бўлим очилгани жуда яхши ўзгариш бўлибди.

Унда Президент маслаҳатчилари, Президент Администрациясининг асосий вазифалари, Президент Администрациясининг Ижро этувчи аппарати раҳбарияти, Президент ва Администрация ҳузуридаги ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш мумкин.

Очиғини тан олишимиз керак, шу вақтга қадар Зайнилобиддин Низомиддинов ҳақида кўп эшитар эдик-ку, бироқ сийратини тасаввур қила олмас эдик. Ёхуд Азиз Магруповнинг Президент ёрдамчиси - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари эканлигини билмасдик. Ёки Зелимхон Ҳайдаровнинг довруғини узоқ-узоқдан эшитардигу, ўзиларини кўрмаганмиз ҳам, энди эса, Президент Администрацияси Молия-хўжалик департаменти раҳбари эканини ҳам билиб олдик.

“Қуйи ташкилотлар” рукнида Президент ҳузуридаги ва Президент Администрацияси ҳузуридаги ташкилотлар, уларнинг вазифалари аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган ва бу менга уларни бир-биридан ажратиб олишимизга ёрдам берди. Шу билан бирга уларнинг манзиллари, электрон сайтлари, телефон рақамларигача келтирилган.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси мақоми кўз олдимда яққол ифодаланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси ҳам муҳим тузилмалар сифатида аён бўлди.

Ҳужжатлар қисмида, фармонлар, қарорлар, фармойишлар, тараққиёт стратегияси, инфография ва ташаббуслар рукнлари остида барча муҳим меъёрий ҳужжатлар билан танишиш мумкин.

Сайтда “Видеогалерея” ташкил этилган. Илгари Президент фаолиятига оид фильм ва видеолавҳаларни сайтдан топиб бўлмас эди. Бунинг учун “Youtube” ёки “Тelegram” платформасига кириш, ундан ҳам излаб анча кейин кўриш мумкин эди. Энди улар веб-сайтнинг ўзида тўртта категория бўйича “TAS-IX” тармоғига жойлаштириб борилаётгани айниқса ахборотга ташна биз журналистлар учун жуда қулай бўлган.

Давлат раҳбарининг “Facebook” ва “Twitter” ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ўтмасдан туриб ҳам уларни сайтнинг ўзида кўриш имкониятлари яратилган ва бу унинг интерфаоллигини янада оширади.

Президент расмини олиш ва уни ОАВда бериш Каримов даврида ниҳоятда азоб бўлиб, бунинг учун “алоҳида рухсат олиш” ва “бир хилдаги тасдиқланган расм”ни фақат “розилик олган нашрлар”да бериш мумкин бўларди. Шу маънода “Медиатека” бўлимининг фотосуратлар билан бойитилгани айни муддао бўлибди. Расмларнинг сифати ҳам яхшиланган ва фақат расмий қолипда эмас, балки қизиқарли суратлар салмоғи ошган, сайтнинг ҳаволаларига кириш айниқса қулай ва тезкор бўлибди.

“Боғланиш” рукни ичига кириб, Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш учун алоқа усулларидан фойдаланишингиз, виртуал қабулхонага электрон мурожаат йўллашингиз, 1000 ёки 0-800-210-00-00 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, мурожаатингиз мазмун-моҳиятини баён қилишингиз, Халқ қабулхоналарининг алоқа маълумотларига эга бўлишингиз мумкин.

Бу шунчаки маълумотлар оладиган сайт эмас, балки давлат раҳбари идорасининг функцияларини самарали амалга ошириш имкониятини берадиган ўзига хос электрон платформа десак ҳам муболаға бўлмайди.

Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатида оммавий ахборот воситаларига эркинлик яратиш янада кенгайиши, адолатли ва очиқ жамият қуриш борасида ишлар изчиллиги ҳақида сўз боргандан уч кун ўтмай сайтнинг тезкор янгиланиши, албатта ахборот соҳасидаги сиёсатнинг ўзига хос кўрсаткичи, деб ишонамиз.

Шерали Отабоев, 

журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
25.04.2022 15:28
Ассалому алайкум, МАНА БУ БОШҚА ГАП!