Ҳисоб палатаси: “бу бизнинг вазифа эмас”;
Антикоррупция: “…кўриб чиқилаётган бўлиши керак”;
Бош прокуратура: …(жавоб бермади, шунчаки кўз юмди).
Давлат органлари коррупцияни қўллаяпти(ми?)
Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ўндан ортиқ ташкилот бор, аммо коррупцион вазиятларда улардан садо чиқмайди.
Жорий йилнинг март ойида Ташқи савдо ва инвестиция вазирлиги томонидан Тошкент Инвестиция форуми ўтказилди. Ушбу тадбирни ўтказиш учун давлат бюджетидан 1.5 млн. долларга яқин маблағ ажратилган. Бу ҳаражатларнинг сметаси ижтимоий тармоқларга сиздирилгач, катта шов-шувга сабаб бўлди. 70 минг сўмлик сомса, 50 минг сўмлик мантиларни энг эринчоқ аудитория ҳам муҳокама қилди.
Очиқланган ҳужжатларда харидларни амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви рўй бергани ҳам маълум бўлди. Яъни, буюртмачига етказиб берувчи тадбиркорлик субъекти ҳукумат юқорисидаги шахсга тегишли бўлиб чиқмоқда. Бироқ, очиқланган ҳужжат ва далиллар юзасидан шу вақтгача биронта тегишли масъул ташкилотлар на ахборот берди ва на муносабат билдирди.
Rost24.uz Ташқи савдо ва инвестиция вазирлиги Форум харажатлари бўйича йўл қўйилган манфаатлар тўқнашуви ва нархлар қимматлиги юзасидан текширув ўтказилгани ёки чора кўрилгани бўйича сўров билан тегишли ташкилотларга мурожаат қилди.
Бош прокуратура: …(жавоб бермади, шунчаки кўз юмди)
Бош Прокуратура матбуот котибига Форум харажатлари юзасидан юборган саволларимизни очиқ қолдирилди.
Ҳисоб палатаси: “…бу бизнинг вазифа эмас”
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Инвестиция форуми харажатлари ва ундаги коррупцион ҳолатни текширишга масъул эмаслигини маълум қилди, аммо қонунчиликда бунинг аксини кўрсатувчи моддалар мавжуд.
“Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунга кўра, Ҳисоб палатаси ўзининг фаолиятини тасдиқланган назорат ишларининг йиллик дастури асосида олиб боради. Унда давлат дастурларининг ижроси ва уларнинг натижадорлиги, режалаштирилган давлат ресурсларининг мақсадли сарфланишини ўрганиш масалалари назарда тутилган. Яъни Ҳисоб палатаси форум ҳаражатларини назорат қилиш уларнинг вазифасига кирмаслигини тушунтирди. Демакки, палата ҳам форум ташкилотчиларига муносабат билдирмаган ва буни ўз вазифаси, деб билмайди.
Бироқ, Ҳисоб палатаси тўғрисидаги Қонунга кўра, Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ҳам палатанинг вазифасига киради. Шунингдек, яна шу қонунда Ҳисоб палатасининг вазифаси сифатида давлат бошқарув органларида, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган муассаса ва ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тизимини жорий қилишга, шунингдек, унинг самарали фаолият кўрсатишига доир чораларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш ҳам киради.
Антикоррупция ҳақиқатан коррупцияга қаршими?
Коррупцияга қарши кураш агентлиги ходими тинимсиз саволларимиздан сўнг “…кўриб чиқилаётган бўлиши керак”, деган жавобни берди.