Фуқаро Н.Саттарованинг Бўстон тумани Мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари бўйича йўллаган видео мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалганди.
Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси муносабат билдириб, “Бўз Иқбол чорваси” МЧЖ раҳбари Н.С. Бўстон туманидаги “Буюк турон чорваси” фермер хўжалиги дала майдонидаги дарахтга арқон билан ўзини осиб, вафот этгани ҳолати бўйича Бўстон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бораётгани ва шунингдек, фуқаро Н.Саттарованинг марҳум акаси раҳбарлик қилган “Бўз Иқбол чорваси” МЧЖ томонидан тумандаги мактабгача таълим ташкилотларига етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларининг пуллари тўлаб берилмагани ҳақидаги мурожаати ҳам прокуратура томонидан ўрганилаётгани маълум қилган эди.
Мактабгача таълим вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билан чиқди:
Ижтимоий тармоқларда “Andijonda tadbirkor o‘zini daladagi daraxtga arqon bilan osib o‘ldirdi” сарлавҳаси остида Андижон вилояти Бўстон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Н.С томонидан, марҳум акаси Н.Сатторов Бўстон тумани мактабгача таълим бўлими раҳбар ва мутасадди ходимлари фаолиятидан норози бўлиб видеомурожаат орқали шикоят қилган.
Мазкур ҳолат Мактабгача таълим вазирлигининг тегишли мутахассислари томонидан ўрганилганда қўйидагилар аниқланди.
Андижон вилояти Бўстон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Н.С. Андижон вилояти мактабгача таълим бошқармасига Бўстон туман мактабгача таълим бўлими ходимларининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Андижон вилояти мактабгача таълим бошқармасининг 13.07.2022 йилдаги (75-х/с-сонли) буйруғи билан ишчи гуруҳ шакллантирилиб, масала жойида ўрганилган.
Ўрганиш давомида туман мактабгача таълим бўлими ҳамда “Бўз Иқбол чорваси” МЧЖ ўртасида 925.6 млн. сўмга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузилгани, шунингдек, туман мактабгача таълим бўлими томонидан “Бўз Иқбол чорваси” МЧЖ ҳисобига 925.6 млн. сўм маблағлар ўтказиб берилгани маълум бўлган.
Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган маълумотлар, Андижон вилояти мактабгача таълим бошқармасининг 2022 йилнинг 22 июлдаги (01-15/02-861-сон) хати билан Бўстон туман прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш ва суруштирув ишларини олиб бориш мақсадида ҳамда мурожаатчининг яшаш манзилига тегишли хат юборилган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, тузилган шартномаларни қонунийлиги ва таъминотчи корхона билан мактабгача таълим бўлими ўртасидаги тўлов муносабатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинади.
Аммо, ўрганиш ва тергов жараёнлари тугатилмасидан марҳумнинг қариндошлари томонидан турли видео мурожаатлар тарқалмоқда.
Ҳурматли журналист ва блогерлар, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмагунига қадар хулоса чиқармайлик, далилларга асосланган маълумотларни оммага тарқатиш масаласида эҳтиёт бўлайлик.