Қониқарсиз, яъни коррупциялашган давлат органлари ичида — Молия, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус, Қурилиш, Халқ таълими каби вазирликлар бор
Коррупцияга қарши кураш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш ишлари якунланганини маълум қилди.
Хабарда қайд этилишича, рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган Рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилиб, улар томонидан ташкилотлар тақдим қилган маълумотлар таҳлил қилиниб, хулосалари олинган.
Баҳолаш давлат ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашишда бир неча тенденция ва услублардан фойдланиб, амалга оширилаётганини кўрсатди.
Хусусан, Давлат божхона ва Солиқ қўмиталари ўз тизимидаги барча коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш ва улардаги хатар омилини минималлаштириш ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси фаолиятини барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларда ташкил этиш орқали коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини жорий қилган. Бу, ўз навбатида, барча жараёнларни назорат қилиш мавжуд хавфларга тезкорлик билан муносабат билдириб бориш имконини беради.
Бундан ташқари, давлат ташкилоти раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш бўйича муросасиз позицияси ва ташкилот тизимига, айниқса аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита муносабатга киришувчи йўналишлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали коррупцияга қарши курашиш тенденцияси ҳам мавжуд. Бунга мисол сифатида Адлия вазирлиги, Давлат божхона, Солиқ ва Статистика қўмиталарини кўрсатиш мумкин.
Умуман олганда, баҳолаш натижалари жорий йил “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ўтказилган коррупциянинг тарқалганлик даражасини жамоатчилик онгида идрок этилишини баҳолашга қаратилган сўров натижалари билан ҳамоҳанг эканлигини кўрсатди.
Хусусан, сўровнома натижаларига кўра аҳоли томонидан энг коррупциялашган йўналишлар сифатида қайд этилган соғлиқни сақлаш, кадастр, олий таълим соҳаларига жавобгар бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш фаолияти “E-Anticor.uz” электрон платформасига киритилган маълумотларни таҳлил қилиш ва экспертлар фикрига кўра қониқарсиз деб топилган.
Бу эса, коррупциянинг тарқалганлик даражасини пасайтириш авваламбор, ташкилотда унинг олдини олиш учун қўлланилаётган превентив механизмларга бевосита боғлиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлайди, дейилади хабарда
Баҳолаш натижаларига кўра, 24 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 3 та ташкилот фаолият самарадорлиги “яхши” – 81 баллдан 100 баллгача, 10 та ташкилот фаолияти “қониқарли” – 55 баллдан 81 баллгача ва 11 та ташкилотнинг ушбу йўналишдаги фаолияти “қониқарсиз” – 55 баллдан паст тоифаларга ажратилган.
1-гуруҳ – фаолияти “яхши” деб топилган ташкилотлар
Баҳолаш натижаларига кўра, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти яхши деб топилди.
2-гуруҳ – фаолияти “қониқарли” деб топилган ташкилотлар
Баҳолаш натижаларига кўра Адлия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Мактабгача таълим, Транспорт вазирликлари, Давлат статистика қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш, Давлат активларини бошқариш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентликлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашишдаги фаолияти қониқарли деб топилди.
3-гуруҳ – фаолияти “қониқарсиз” деб топилган ташкилотлар
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Халқ таълими, Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш, Кадастр агентликлари, Бўка ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти қониқарсиз деб топилди.
Таъкидлаш лозимки, баҳолаш давлат раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган вазифаларнинг қай даражада самарали амалга оширилаётганини мониторинг қилиш механизмини яратиш билан бирга, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини кучайтириш, ташкилот раҳбарларининг шахсий масъулиятини оширишга ва коррупцияга қарши курашишда халкаро стандартларга асосан ягона ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.
Баҳолаш якунлари бўйича:
“яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади;
“қониқарли” деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади;
“қониқарсиз” деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва ижроси таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида эшитиб борилади.
Рейтинг баҳолаш натижалари коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига юборилди.
Хабарда шунингдек, мазкур рейтинг баҳолаш тизими йил якунига кўра барча давлат идоралари ва ташкилотлари фаолияти бўйича амалга оширилади ва жамоатчиликка эълон қилиб борилиши эслатиб ўтилган.