Жорий йилнинг 14 июль куни Ўзсаноатқурилишбанкка коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлик сертификати тақдим этилди. Мазкур сертификат банкнинг барча кўринишдаги коррупцияга муросасиз муносабатда эканини англатади, хусусийлаштириш жараёнида инвесторлар ва бизнес ҳамкорлари ишончини оширишга хизмат қилади.
Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг янгича механизми яратилди.
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ҳам халқаро стандартлар асосида ишлайдиган анти-коррупцион тизим жорий қилиниб, ушбу йўналишдаги ишлар изчил такомиллаштирилмоқда. Хусусан, хорижий экспертлар билан ҳамкорликда Банкнинг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимини ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қатор чора-тадбирлар, жумладан, коррупцияга қарши курашиш борасида банкнинг ички ва ташқи муҳити ўрганилди, коррупция хавф-хатарлари баҳоланиб, бу борада эҳтимолий лавозимлар рўйхати белгилаб олинди.
Контрагентларни текшириш, ходимлар томонидан коррупцияга қарши кураш сиёсатига мувофиқлик декларациясини тақдим этиш, фуқароларни ишга олиш жараёнини видеокузатув мосламалари орқали ёзиб, ижтимоий тармоқларда ёритиш, коррупция хавфи юқори бўлган ходимлар рўйхати ҳамда манфаатлар тўқнашуви реестрини юритиш каби тизимли ишлар йўлга қўйилди.
“CERT Academy” халқаро тренинг компанияси билан ҳамкорликда банк ходимларини ISO 37001:2016 халқаро стандарти талаблари билан таништириш мақсадида қатор ўқув курслари ташкил этилди. Натижада бугунги кунда 80 нафарга яқин топ-менежер ISO 37001:2016 халқаро стандарти сертификатини қўлга киритди.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанк биринчилардан бўлиб коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг ISO 37001:2016 халқаро стандартини уч бўғинда (республика, вилоят ва туман кесимида) жорий қилаётган муассаса ҳисобланади.
Банкнинг ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлик сертификатига эга бўлиши барча кўринишдаги коррупцияга муросасиз муносабатда эканлигини билдириб, банк фаолиятини барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Эслатма!
Ўзсаноатқурилишбанк тизимида коррупцияга қарши курашиш, мижозларга хизмат кўрсатишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда бу борада жамоатчилик билан самарали алоқани йўлга қўйиш мақсадида “Комплаенс ишонч линияси” ишга туширилган.
Ушбу алоқа линиялари орқали мурожаатлар 24/7 режимида фуқаролар хоҳишига кўра шахсини ошкор қилган ҳолда ёки аноним тарзда автоматик равишда қабул қилинмоқда.
Телефон: 0-800-120-88-88;
Веб-сайт: https://sqb.uz/uz/compliance-hotline/;
Telegram бот: @SQB Anti Kor_bot.
Банк Ахборот хизмати