Ўзбек йигитларини Россия армиясига қўшилишга чақирган блогер Баҳром Исмаилов, энди ўзини ўзи Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбари сифатида эълон қилди
Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини Россия армияси сафида Украинага урушга боришга чақирган блогер, юрист Баҳром Исмаилов ўзини Москвадаги ўзбек мигрантлари диаспораси раҳбари сифатида кўрмоқда. Uzmigrant телеграм ва ютуб канали муаллифи бўлган бу шахс ўзбек диаспораси раҳбари бўлиш учун ўз саҳифалари орқали ўзига ўзи овоз йиғди. “Баҳром Исмаилов Москвани ўзбек диаспорасининг раҳбари бўлишига розилик билдирасизми?”, дея ёзади у ўзининг телеграм саҳифасида.
62 минг нафар канал кузатувчиларининг 11 минг нафари овоз беришда қатнашган бўлиб, уларнинг аксари (95 фоизи) бу таклифни қўллашини билдирган.
Москвадаги ўзбек диаспорасига раҳбарлик қилишни кўзлаган Баҳром Исмаилов ўз саҳифаларида асосан Россиянинг Украинага қилган урушни ёқлаб келади. Шунингдек, кўпгина мавзуларда Россия сиёсатини улуғлайди. Хусусан, Ўзбекистонда давлат тилини кучайтириш тўғрисидаги овоза ва қонун лойиҳалари кун мавзусига кўтарилганда, Исмаилов рус тилини қўллаб постлар ёзган эди.
Шунингдек, Исмаилов Ўзбекистон фуқароларини Россия армиясига қўшилишга чақириб, бунинг эвазига Россия фуқаролигини олиш имконияти тезлашишини билдирган. Бироқ, қисқа вақт ичида ушбу ҳаракат Ўзбекистон қонунчилигига зид эканлиги эълон қилингач, Баҳром Исмаилов ўша видеомурожаатни ўз саҳифаларидан олиб ташлайди. Шунингдек, у Ўзбекистон фуқароларини урушга чақирганини рад этади.
Баҳром Исмаилов ўз каналлари орқали Россиядаги ўзбек мигрантларини ҳуқуқий ахборот билан қўллаб келади.