У ёшлигиданоқ олти уканинг ташвишларини бўйнига илиб, яхши яшаш учун курашади. Ҳозир эса 8 фарзанднинг отаси эканлигидан фахрланади. Абдуқодир қудуқчини кўрган киши борки табассум билан қарши олади. Қишлоқдошлари уни ўз ишининг устаси, ҳалол ва самимий инсон деб таърифлашади.
22 йилдан буён қудуқ қазиб, инсонларга оби-ҳаёт улашаётган уста Rost24.uz мухбири билан суҳбатда ўзининг қизиқарли, аммо машаққатли касби сирлари, ҳаёт ҳақиқатлари ва тақдир синовларидан олинган сабоқлар билан ўртоқлашди.
«Баъзан бу касбни йиғиштираман, деб қоламан. Лекин, ўн кунлаб сувсиз қолиб, қудуқчи келишини бола-чақаси билан кутиб турган одамлар кўз олдимга келади. Айниқса, сув чиққандан кейинги уларнинг кўзларида акс этган қувончни ҳеч нарса билан таърифлаб бўлмайди... Биласизми, аслида мен шу учун яшайман, ҳаётга қайта қайтгандек бўламан, ўз касбимдан фахрланаман», дейди қудуқчи.
Унинг айтишича, ерни сув илинжида қазган билан доим ҳам сув чиқавермайди, яъни машаққатли меҳнат таваккалдан бошланади.
«Менда ҳеч қачон кўпроқ қазисам, яхшироқ даромад қиламан, деган фикр бўлмаган. Мақсад — сув. Бир инсоннинг уйида 10 кун ётиб ишласагу, сув чиқмаса бизнинг ишдан фойда кўрмадингиз деб, шундай (пул олмай) ҳам кетган кунларимиз бўлган», дейди у.
Абдуқодир Бердиев ўз тажрибаси билан ўртоқлашаркан қудуқ ичида эканлигида қум сизиб чиқиб босиб қолгани, бир марта илон, икки марта чаён чақиб олгани, ўзининг армонларию, келажакдаги орзуларига ҳам тўхталди.
Қудуқчи Кўкдала туманининг «Ўрта» қишлоғида катта бўлган, ҳозирда 44 ёшда. У 8 фарзанди, аёли билан бахтиёр яшашини, 15 йил турмуш қурган бўлса бирон марта "сен-менга" бормаганини, буни айрим танишлари хотинидан қўрқишга йўйишини ҳазил билан тилга олади. Унингча, бир бирини тушуниб яшаш аслида бахт, даромадни Россияга кетиб эмас ўз қишлоғидан топса ҳам бўлади, меҳнат қилган кам бўлмайди.
Батафсил видеода томоша қилинг: