Байден маъмурияти Хитойда асосланган 25 компанияни қора рўйхатга киритиб, улар билан савдони ман этди. АҚШ Тижорат вазирлигига кўра, бу бизнеслар Россияга ҳарбий ёрдам бериб келаётган фирмалардир. Бу ҳақида “Америка овози” ёзмоқда.
Вазирликнинг билдиришича, улар Россияга шу йилнинг 24 февралидан олдин, яъни Украинага бостириб кириш арафасида турган давлатга турли воситалар узатган ва ҳозирда ҳам бу борада келишувларга эга. Бу фирмалар федерациянинг Ғарб чекловлари остидаги органлари билан ҳамкор.
Тижорат вазирлиги қора рўйхатга 28 июнь куни жами 36 компанияни киритди. Улар - Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Литва, Покистон, Цингапур, Британия, Ўзбекистон ва Ветнамдаги бизнеслар.
“Қароримиз шундан далолатки, Россияни қувватлаган ҳар қандай тараф ёки шахс Америка нишонида. Биз уларни жазолаймиз”, - дейди Тижорат вазирининг Саноат ва хавфсизлик бўйича муовини Алан Эстевез.
Ўзбекистондаги компаниянинг номи "Promcomplektlogistic" бўлиб, Тошкент шаҳридаги хусусий корхона экани қайд этилади. АҚШ Молия вазирлигига кўра, "PE Promcomplektlogistic" деб ҳам юритиладиган фирма технологик воситалар сотади.
АҚШ Давлат департаментининг тасдиқлашича, "Promcomplektlogistic" шу йилнинг 3 мартида санкция қўйилган "Radioavtomatika" компанияси билан ишлайди. "Radioavtomatika" - Россия мудофаа саноати таъминотчиси.
Департаментнинг хулоса қилишича, "Promcomplektlogistic" март ойидан бери "Radioavtomatika"га санкцияларни четлаб ўтишда ёрдамлашиб келмоқда. Фирма Россияга электроник қисмлар, хусусан миктосхемалар етказиб берган.
Очиқ манбаларга кўра, "Promcomplektlogistic"ни Олег Грабилин исмли шахс бошқаради.
"Promcomplektlogistic" хусусий компаниясининг қора рўйхатга киритилиши дунё бўйлаб тижоратчиларга сабоқ ва огоҳлантириш бўлсин: санкцияланган фирма, ташкилот ёки шахс билан бизнес қилсангиз, ўзингиз ҳам санкция билан юзлашасиз», - дейилади департамент баёнотида.
Қора рўйхатга тушган компаниянинг Америка билан олди-бердиси чекланади. Америкада бирор ҳамкори бўлса, у бу бизнесга бирор нарса узатишидан олдин Тижорат вазирлигидан махсус рухсат олиши шарт.
АҚШ Украинадаги уруш сабаб Россия ҳукуматидан кўплаб шахсларни, агентлик ва ташкилотларни, бизнеслар ва олигархларни жазоламоқда. Санкциялар рўйхати узайиб бормоқда.
Оқ уйннг эслатишича, Вашингтон Россиянинг ҳарбий шерикларини ҳам кузатмоқда ва агар уларнинг ҳамкорлиги уруш билан бирор жиҳатдан боғлиқ бўлса, чора кўрмоқда.
Расмийларга кўра, санкциялар амалиёти изчил назорат остида. Шартлар ва қоидалар бузилса, АҚШ дарҳол кескин жавоб беради, дея огоҳлантиради мутасаддилар.