Энди навбат журналистларгами?
Zamon информацион дастури журналистларининг маълум қилишича, кеча 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатини ёритиш учун 21:00 лар атрофида (интервью олиш мақсадида) икки ходим «Пахтакор» стадионига бориб орган ходимларининг қаршилигига дуч келган. Мухбирларнинг бу хабарлари сайтдан олиб ташланди, лекин жамоатчилик аллақачон бундан хабар топган эди.
Ўқишга улгурмаганлар учун эслатиб ўтамиз:
«21:00 лар атрофида (интервью олиш мақсадида) икки ходим «Пахтакор» стадионига бориб, орган ходимларининг қаршилигига учраган. Футболни ёритиш учун берилган махсус рухсатномани кўрсатишларига қарамай: «пресса бўлсанг, бизга н...й. Биз топшириқни бажарамиз...», — деган жавобни олган. Шундан сўнг ижодий гуруҳ киритмагани учун ўзининг эътирозларини билдирган ва стадион олдидаги ҳолатни тасвирга олишни бошлаган. Орган ходимлари эса тасвирчининг рухсатномасига чанг солган. Камерасини тортиб олган. Тасвирчининг қўлини орқага қайириб, журналистдан узоқлаштирган. Кўз олдида тасвирчини жиноятчилардек олиб кетаётганини кўрган журналист орган ходимларидан қўйиб юборишни талаб қилган. Ходимлар эса унинг ҳам қўлларини қайириб, микрофон ва рухсатномасини тортиб олган», деб «Севимли» журналистларидан иқтибос бермоқда хабар.уз.
Қайд этилишича, тасвирчини 6-7 нафар ички ишлар ходимлари ва бир нафар миллий гвардия ходими тепкилаган, бири оёғига таёқ билан урган. Қолгани қорин ва бошига тепган.
«Қўлларим ушланган, имконсиз қолдим, фақат урманглар, деб бақира олдим, холос. Бу жараён сониялар ичида содир бўлдики, нима бўлаётганини англаб-англамасдим. Одамлар ОАВ ходимлари тепкиланаётганини тасвирга олаётганди. Кўпчилик олдида изза бўлганимиз қолди. Қўлларимизни қайириб, Шайхонтоҳур туман ИИБ биносига олиб бориб, навбатчилик қисмига топширишди», дейилади постда.
Маълум қилинишича, калтаклардан жиддий жароҳат олган оператор кейинчалик Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилган.
Тасвирчи касалхонага олиб кетилгандан кейин журналист камера, штатив, микрофон ва рухсатномаларини қайтариб беришни сўраган. Унинг кўз олдида флешкани Тошкент шаҳар ИИББга юборишган. Соат тунги 02:10 ларда мухбир шикастланган камера ва штативни олган, бироқ микрофон ва рухсатномалар ҳамон қайтарилмагани ёзилган.
«Энг қизиғи, бўлар иш бўлгандан сўнг мухбирдан ички ишлар ходимлари кечирим сўраб, ортиқча гап қилмаслиги ва бирон жойда гапириб юрмасликни айтган. Давлатимиз раҳбари ОАВни тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарган, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик дея бонг урилаётган пайтда журналистлар калтакланиб, уларнинг иш қуроллари чилпарчин қилинса, ҳужжатлари димоғдор ИИО ходими оёқлари остида хор бўлса... буни қандай изоҳлаш мумкин?», деб ёзган журналист.
Одатдагидек, ИИО ҳодимининг айби йўқми?
Бугун ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов бу масала юзасидан муносабат берди ва юқоридаги келтирилган далилларни инкор этди:
«Журналистлар даврасида «Пахтакор» стадионида Ўзбекистон-Ироқ футбол терма жамоалари ўйини вақтида «Севимли» телеканали «Замон» дастури журналистларининг фаолиятига тўсқинлик қилиниб, оператор Т.Иброҳимовга нисбатан тан жароҳатлари етказилганлиги ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.
Маълум қиламизки, жорий йилнинг 11 июнь куни «Пахтакор» стадионида Ўзбекистон-Ироқ футбол терма жамоалари ўйини жараёнида жамоат тартибини сақлашга бириктирилган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан соат 21.00дан кейин, стадионда бўш жойлар қолмаганлиги сабабли, фуқароларни стадионга кириши тўхтатилган.
Шу вақтда, Алишер Навоий кўчаси тарафдан стадионга кириш учун ташкил этилган ташқи назорат периметрда айрим фуқаролар норозилик билдириб, стадионга киришга ҳаракат қилиб, жанжал уюштиришган.
Ходимлар томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган безорилик ҳаракатлари зудлик билан бартараф этилиб, бир нечта фуқаролар туман ИИБга олиб борилган.
Аниқланишича, фуқаролар орасида «Севимли» телеканали «Замон» дастурининг вакиллари ҳам бўлган ҳамда одамлар ўртасидаги муштлашув жараёнида телеканал оператори Т.Иброхимовга тан жароҳатлари етказилиб, техник ашёлари зарар кўрган. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиб касалхонага етказилган.
Шу куни бошқа фуқаролардан тан жароҳати олганлиги бўйича маълумотлар келиб тушмаган.
Ҳозирда, ҳолат юзасидан текширув тайинланиб, жамоат тартибини бузган фуқароларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда" дейилади муносабатда.
Бу муносабатни ўзида бир неча ноаниқ жойлар бор. Биринчидан, бу хабар журналистлар даврасида эмас, балки оммавий ахборот воситаларида аллақачон тарқалиб бўлган, гарчи «Замон» информацион дастуридан олиб ташланган бўлсада. Мухбирлар постларда аниқ ёзишган орган ходимлари томонидан ҳужумга учрашганини. Улар фуқаро кийими ва орган ходими кийимларини фарқлай олмаслик даражасида тажрибасиз ёшлар эмас. Қолаверса тан жароҳати бошқа фуқаролардан келиб тушмаган дейилмоқда. Ваҳоланки, шу куни мухлислар томонидан отилган тошлар сабабли яна бир журналистнинг касалхонага тушгани айтилган эди.
Муносабатда фақат журналистларни ёлғончига чиқариш эмас, ўйиндаги умумий ҳолатга баҳо берилганда фойдалироқ бўларди. Агар бу ўринда журналист эмас, балки ИИО ҳодими жабр кўрганда мносабат бошқачароқ бўлармиди?
ИИВга тасвирлар тақиқи нимага керак?
Орган ходими фаолият даврида тасвирга олишни тақиқлашга бекорга уринишаётгани йўқ. Тизимда масалани зўравонлик орқалигина ҳал қилиш мумкин дейдиганлар ташаббуси бу. Чунки улар ўз кирдикорларини фош бўлаётганидан қўрқувда, шекилли.
Кечагина Тошкент, бугун Андижон
Журналист Хуршид Далиевнинг ёзишича, бугун шундай ҳолат Андижонда такрорланган:
«13 июль соат 9:50 да Андижон шаҳар Янги бозор савдо мажмуасида Илёс исмли Андижон ИИБ ходими томонидан шакар савдосини суратга олаётган Human.uz ходимининг (штатда ишлайди) хизмат телефони видеога олиш қонунга зид деган иддао билан куч ишлатиш йўли билан тортиб олинган. Бир қанча уринишлардан сўнг ҳам смартфон қайтариб берилмаяпти. Ягона шарти – куч ишлатиш йўли билан олинган ва ИИБ ходимининг куч ишлатгани ҳамда телефонни тортиб олгани суратга олинган видеони ўчириб юбориш экан».
Ички ишлар органларининг бундай зўравонлиги ҳақида хабар.уз ҳам эслаб ўтди. Масалан, Тошкентда ёшларни калтаклагани, Самарқандда туристларга электрошокер ишлатишгани ҳақидаги муҳокамалар якунланмай туриб, Оҳангаронда ЙПХ ходими томонидан жаримага тортилган ҳайдовчининг ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ва унга нисбатан муносабат билдирган матбуот котиби «Ёлғон шов-шув кўтариш ортидан каналингизга подписчик йиғишни бошқа вақтга қолдиринг» дея журналист ва блогерларга тавсия берди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Ички ишлар вазирлиги ЙҲХБ ходимларини фото ва видеога олганларни жазолаш ҳақидаги қонун лойиҳасини яна қайтадан муҳокамага киритди.
Қонун лойиҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини улар ўз хизмат бурчларини, яъни жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида Интернет ахборот тармоғида жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган. Ҳозирча ташаббускорлар бу нормани киритишга эришишгани йўқ.