У жиноий шериклари билан 48 млрд. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда.
Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ўзига нисбатан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди, деб хабар бермоқда Kun.uz.
Андижон шаҳар ҳокими эски лавозимида (вилоят молия бошқармаси бошлиғи) ишлаган вақтда шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг атиги 23 фоизи қопланган. Терговни Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бораётгани маълум.
Ҳайдаров жорий йил 28 май куни депутат даҳлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилинганди.
Баҳромжон Ҳайдаров аввалроқ ҳоким сифатида ҳам ер ажратиш билан боғлиқ қонунбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтиргани маълум қилинган эди. Бир вақтнинг ўзида депутат ҳисобланган ҳокимни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича Андижон вилояти прокуратураси томонидан 2022 йил 3 февраль куни Халқ депутатлари вилоят кенгашига киритилган тақдимнома тақдири юзасидан жамоатчиликка маълумот берилмаган.
Бугунга қадар Андижон шаҳри ҳокимининг ноқонуний ер ажратгани, фуқароларни ҳақорат қилгани ва бошқа масалаларда қонунга зид хатти-ҳаракатлари жамоатчилик томонидан кескин қораланиб келмоқда.