Қиммат Ўзбекистон: Ойликлар ошмоқчи, нархлар эса аллақачон осмонда

31.05.2022 14:20

2022 йил 1 майдан пенсия ва нафақалар 12 фоизга ошди, 1 июндан эса ойлик иш ҳақлари 12 фоизга ошиши маълум қилинди. Нархлар-чи?

Февраль ойидан бери нархлар (ҳеч бир огоҳлантиришсиз?) қайта-қайта ошган бўлса-да, ойлик иш ҳақлари фақат бир марта, 12 фоизга кўтарил(а)ди.

Охирги уч ойда буғдой уни нархи 15-23 фоизга ошган. Табиийки ун маҳсулотлари нархи ҳам муқобил равишда ошди, аммо фоизлар янада юқори. Маълумки, Қозоғистон ҳукумати ички бозорда тақчиллик юзага келишининг олдини олиш учун буғдой ва уннинг икки ойлик экспортига квота киритган эди, ҳозирда ун нархларининг кескин ошишига юқоридаги сабаб омил деб кўрсатилмоқда.

Март ойида шакар нархи кескин кўтарилди. Айрим чакана савдо нуқталарида шакарнинг нархи деярли 2 баравар ошди, бундан ваҳимага тушган аҳоли нархларнинг сунъий оширилишига ҳам ҳисса қўшди.

Йил бошидан буён шакар, ёғ, гўшт, сабзавотлар, тухум каби эҳтиёж молларининг нархлари бир неча марта якка тарзда ошиб бориши кузатилди. Хусусан, ўсимлик ёғи нархлари муқобиллаштирилиши бир неча бор айтилган бўлса-да, ўтган йилдан буён кўтарилишда давом этмоқда.

Май ойи охирида «Ўзбекнефтгаз»га қарашли АЁҚШларда АИ-80 маркали бензин нархи кўтарилиб, 6800 сўмдан сотила бошлади. Компания буни биржада нархлар кўтарилиш билан изоҳлаган.

Расмий маълумотга кўра, апрель ойида товарлар ва хизматлар ўртача 1,5 фоизга ошган, охирги 1 йилда Ўзбекистонда кунгабоқар ёғи 26,9 фоизга, пахта ёғи 28,9 фоизга, шакар 36,6 фоизга, суякли мол гўшти 8,5 фоизга қимматлашган. Март ойида йиллик инфляция даражаси 10,5 фоизга ошган, мос равишда озиқ-овқат маҳсулотлари секторидаги инфляция даражаси 14,5 фоизни ташкил қилган.

Кеча, 30 май куни қолипли нон нархларининг ошиши маълум бўлди. Аммо, масъуллар айтганидек ҳолатнинг вақтинчалик эканига халқ негадир ишонмаяпти.

Бугун, 31 май куни “Ўзбекнефтгаз” Акциз солиқ ставкалари миқдорларининг 2022 йил 1 июндан ўзгариши ҳисобига “Ўзбекнефтгаз” АЖ АЁҚШларида бензин нархи ошмайди, дея баёнот бериб чиқди.

Аммо, АИ-80 бензин нархлари ўтган бир ҳафта давомида бирданига 300 сўмга, 6800 сўмгача оширилган эди. Акциз нархлари эса ушбу навли бензинга жами 70 сўмга (35 сўм акциз солиғи, 35 сўм истеъмолчи солиғи) ошиши керак эди, яъни АИ-80 нархи ортган акциз солиғидан ортиқ даражада ошиб бўлган, аҳоли бензинни ошган нархларда харид қилмоқда.

Мазкур баёнот бензин нархи энди қайтадан оширилмаслигини билдирадими ёки “Ўзбекнефтгаз” АЖ АЁҚШлардаги нархлардан бехабарми, буниси номаълум.

Айтиш мумкинки, маркаси 91 дан юқори бўлган бензин навлари бўйича эса акциз солиғи ўзгаришсиз қолган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
10.06.2022 18:52
Хакикатни тиклаш кийин, тинглашмайди. Вилоятларда электрон тизимни аксарият ходимлар тушунмайди
02.06.2022 18:43
Буханка нон 1600 сўмдан 2800 сўмга чиқди! Эссизгина 30 йил бехуда ўтиб кетди. Ўзбекистон шу тинч ва осойишта даврда ривожланган, қудратли мамлакат бўлиш ўрнига коррупционер амалдорлар қўлида дунёга мардикор етиштириб берувчи ночор ва бечора бир давлатга айланди. Минг афсус!
01.06.2022 00:01
Ассалому алейкум битта ойликка яшайдиганлар нима килишади