Афсуски, бу хабарни мутасадди вазирликлар инкор эта олмади.
Молия вазирлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда газ ва электр энергиясига тўлов нархлари оширилиши бўйича тарқалган хабарларга муносабатини эълон қилди, муносабатда нархнинг ошиш-ошмаслиги ҳақида аниқ бир жавоб йўқ.
Аммо бундай шаклдаги муносабатларнинг натижаларига қарайдиган бўлсак, нархлар ошиши эҳтимоли ўта юқори.
Аҳоли орасида саволлар туғилмоқда, нега мутасадди вазирликлар газ ва электр энергиялари нархлари ошиши ҳақида аввалдан хабар бермади? Нега Молия вазирлиги бу хабар ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг муносабат билдирмоқда ва муносабатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси иш жараёнида экани айтилмоқда?
2021 йилнинг ноябрь ойида 2022 йилда электр энергияси ва табиий газ тариф нархлари оширилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган.
Ҳисоб палатаси ўтган йилнинг ноябрида 2022 йилда энергия ресурслари, жумладан, электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси, совуқ сув ва канализация тарифлари нархлари оширилишини маълум қилган эди http://www.ach.gov.uz/uz/lists/view/176.
Ҳисоб палатасининг 2022 йил учун давлат бюджети юзасидан хулосасига кўра, 2022 йилда энергия ресурслари, жумладан, электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси, совуқ сув ва канализация тарифлари нархлари индексация қилиниши кўзда тутилган.
Хусусан, энергия ресурсларининг истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш базасидаги вазни ва индексга таъсири асосидаги ҳисоб-китобларга таянилса, мазкур ресурслар нархларининг ошиши қуйидагича кўринишда бўлиши мумкинлиги айтилган:
- электр энергияси — 33+ фоиз;
- табиий газ — 21+ фоиз;
- иссиқ сув ва иссиқлик энергияси — 20+ фоиз;
- совуқ сув ва канализация — 34+ фоиз.
2022 йилда бошқа истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларини сезиларли даражада пасайтириш тавсия қилинган
Қайд этилишича, 2020−2021 йилларда энергия ресурслари, жумладан электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархлари деярли ўзгармаган.
Энергия ресурслари тариф нархларининг кескин оширилишини ҳисобга олган ҳолда, Ҳисоб палатаси 2022 йилда инфляция даражасининг ўтган йилга нисбатан пастроқ бўлишини таъминлаш учун бошқа истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларини сезиларли даражада пасайтириш юзасидан тавсиялар берган.
Хусусан, тегишли давлат мутасадди ташкилотларига асосий истеъмол товарлари ҳисобланган озиқ-овқат (гўшт, ун маҳсулотлари, мева-сабзавотлар), ноозиқ-овқат товарлари (кийим-кечак, қурилиш моллари) ва бошқа хизматлар (транспорт ва алоқа)га бўлган талабни тўлақонли таъминлаш орқали мазкур товарлар нархлари барқарорлигини сақлаб қолиш чора-тадбирларини кўриш тавсия қилинган.
2020 йил якунига кўра, «Ўзтрансгаз» томонидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган 1000 куб метр табиий газнинг қиймати газнинг ўртача нархидан 90 минг сўмга қимматроқ бўлди. Бунинг оқибатида 3,6 трлн сўмлик зарар вужудга келган. Шу муносабат билан давлат бюджетидан 1 трлн сўмлик субсидия ажратилган.
2019 йилнинг июнь ойида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бугунги кунда «Лукойл»дан ички бозорга сотиш учун 146 доллардан газ харид қилиб, уни аҳолига 40 доллардан сотаётганини таъкидлаганди. Президентнинг сўзларига кўра, ҳар бир куб метр ўртасидаги 100 долларлик фарқ 600 млн долларлик қарзни пайдо қилган.
Йил бошида «Ўзтрансгаз» 2021 йилни 2,5 трлн сўм, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари эса 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаганини маълум қилган эди.
Бунга сабаб сифатида, сўнгги уч йилда ИEСларга электр энергияси ишлаб чиқариш учун етказиб берилган табиий газ ҳажми 15 млрд куб метрдан 17 млрд куб метрга етгани, ушбу даврда аҳолига етказиб берилган табиий газ ҳажми ҳам 10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга кўпайгани ва табиий газга ички бозорнинг талабини қондириш учун экспорт ҳажмлари кескин камайгани айтилган. Нархларнинг бозор механизмлари асосида шаклланмаганлиги ва асосий фондларнинг эскирганлиги соҳа корхоналари молиявий аҳволининг ёмонлашувига олиб келаётгани кўрсатилган.
Жорий йил бошидаги ҳолатга кўра, республикада табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Электр энергияси истеъмол қилувчи жами абонент эса 7,3 млнни ташкил этади.
Маълум қилинган ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йиллик талаби ҳозирги 54,2 млрд куб метрдан 65 млрд куб метргача ошиши кутилмоқда.
Электр энергиясида эса бу кўрсаткич жорий 74 млрд кВт соатдан 110 млрд кВт соатгача ошади.
Бу дегани – йилига 110 млрд кВт соат электр энергияси етказиб бериш талаб этилади, бунинг учун эса қўшимча равишда 19 ГВт қувватли янги электр станциялари қурилиши лозим. Келтириб ўтилган энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун камида 25 млрд доллар маблағлар зарур. «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖнинг амалдаги молиявий ҳолати бу қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермаслиги, шу билан бирга, мазкур корхоналар томонидан кредит маблағларининг жалб этилиши ўз навбатида республиканинг ташқи қарзи ҳажмининг ошишига олиб келиши маълум қилинган.
Шунингдек, бир неча кун аввал Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев «Дарё» нашрига берган интервьюсида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва аҳоли хонадонлари учун сотилаётган электр энергияси давлатга молиявий зарар келтираётганини маълум қилди, унинг айтишича, электр энергиясини ишлаб чиқариш уни сотишдан қимматга тушмоқда.
Вазирлик расмийсининг алоҳида таъкидлаб айтишича, ИEСлар ёқадиган табиий газни харид қилиш нархлари шунчалик пастки, дунёнинг кўп мамлакатлари билан қиёслаганда, энг паст нархлардан биттаси Ўзбекистонда.
Маълумот учун, Электр энергияси нархи арзонлиги бўйича Ўзбекистон Ливия, Ангола, Судан, Қирғизистон, Зимбабве ва Тожикистондан сўнг дунёда 7-ўринни эгаллайди.
Ҳисоб палатасининг ўтган йили берган газ ва электр энергияси учун тўлов миқдори ошиши ҳақидаги маълумотларига ва юқорида келтирилган сабабларга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, 2022 йилда мазкур тўловларнинг ошиши кутилаётган ҳолдир.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил октябрь ойи охирида Шавкат Мирзиёев 2021-2022 йилларда электр энергияси тарифларини ўзгартиришсиз сақлаб қолиш бўйича топшириқ берганди. Президент электр энергияси корхоналарини модернизация ва реконструкция қилиш ишларини тарифларни ошириш эмас, балки ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ҳисобидан амалга оширишни белгилаган.