Бугун эълон қилинган "2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида"ги Президент фармонига кўра:
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида:
➖ умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:
халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида. Бунда, миллий баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши ваколатли халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим;
Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида (чет тили бўйича сертификатлар бундан мустасно);
➖ Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама:
2025 йил 1 январга қадар – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
2025 йил 1 январдан бошлаб – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида тўланади;
➖ ҳар ойлик қўшимча устама сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланади;
➖ умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.