Қудратхўжа раислигидаги бўйнида салкам 3 млрд. қарзи бор ташкилот ҳашаматли меҳмонхонада тадбир ўтказди

07.05.2022 23:08

Миллий медиа ассоциацияси (собиқ ЎзEОАВМА) раҳбари Шерзодхон Қудратхўжа унга Фирдавс Абдуҳолиқовдан салкам 3 миллиард сўм қарз қолганини билдирди.

 «Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг ўз аъзоларидан, яъни сизлардан қарзи бор. Бу қарзнинг миқдори 2 млрд 700 миллион сўм», деган янги раис.
Шерзодхон Қудратхўжа йирик қарзлар ҳақида Пойтахт марказидаги “Hilton” меҳмонхонасида қарзда қолаётган ташкилот томонидан ўтказилган тадбирда маълум қилган. Тадбир давомида журналист ва блогерларнинг каттагина гуруҳига ҳашаматли дастурхон безатилган.

Аввалги раҳбариятни кераксиз маблағларни сарфлашда айблаган Шерзодхон Қудратхўжа ташкилот ребрендингини Тошкентнинг энг қиммат ҳисобланган меҳмонхонасида нишонлашдан бошлаган.

Биз тадбир ташкилотчиларидан бу тадбир учун қанча маблағ сарфлангани ҳақида сўрадик. Лекин жавоб очиқ қолди.

Маълумотларга кўра, “Hilton” меҳмонхонасида 100 кишилик жойнинг бир кунлик ижараси 20 миллион сўм атрофида. Дастурхон ёзиш киши бошига 80 АҚШ долларга тушади.
Йирик харажатлар билан ассоциация фаолиятини бошлаган янги раис аввалги қарзлар ўз эгаларига етказилишига ваъда берган.

Шу жумладан, тадбирда Шерзодхон Қудратхўжа янги таркиб яъни ўзининг қатор ўринбосарларини ҳам маълум қилган. Унга кўра, Бошқаруви раисининг ўринбосари Аброржон Пўлатов Бош директор, Абдулазиз Абуталипов Бош директор биринчи ўринбосари, Улуғбек Аҳмедов Бош директорнинг умумий масалалар бўйича ўринбосари, Нигора Хўжаева Бош директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимларига тасдиқланган.

Кейинроқ ассоциация томонидан ОАВлардаги бу хабарга муносабат берилган ва унда «бугунги кунга қадар ЎзEОАВМА билан шартнома тузган ташкилотлардан 3,5 млрддан ошиқ қарздорлик мавжудлиги айтилган. Шунингдек, ассоциациянинг аъзолари олдида эса 2,7 млрд сўм қарздорлик вужудга келганига аниқлик киритилган.

«Ташкилотнинг бу ички масалаларини ҳал этилиши ҳозирда давом этмоқда. Собиқ ЎзEОАВМА раиси Ф.Абдухолиқов бу жараёнларда фаол иштирок этиб, ҳар томонлама ҳамкорлик қилмоқда ва муаммони ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда», дейилади муносабатда. 

Эслатиб ўтамиз, Миллий Медиа Ассоциацияси республикадаги нодавлат телерадиоканаллар, кабель телевидениеси студияларини қамраб олган энг йирик нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Бугунги кунда у 18 та нодавлат телеканал, 19 та радиоканал, Ўзбекистон кабель телевидениесига аъзо бўлган 100 та электрон ОАВ (шундан 52 таси хорижий каналлар)ни ўз ичига олган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
19
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар