Адлия вазири: Қонун устуворлиги – одамларни бирлаштирувчи ягона миллий ғоя бўлиши мумкин

30.04.2022 12:07

Адлия вазири Русланбек Давлетов Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида қуйидаги фикрларни баён қилди:

Сўз эркинлиги ва демократлаштириш тобора ривожланиб борар экан, фикрлар турли туман, ғоялар ҳар хил, яъни плюрализм принциплари чуқурроқ сингиб бормоқда. Янги қабул қилинадиган қонунлар ва ислоҳотларга ҳам очиқ фикрлар билдирилмоқда, ҳамма ҳам бир хил қабул қилмайди. Бу табиийдир ва буни тўғри қабул қилишни ҳам ўрганишимиз керак.

Яъни, бундай шароитда абсолютизмни таъминлаб бўлмайди, ёки ягона мафкура қилиб, давлат мафкурасини ўрнатиб бўлмайди. Конституцияда ҳам бекорга ёзилмаган.

Айнан бу жараёнда одамларни бирлаштирувчи ягона восита ёки механизм – бу қонун устуворлигидир. Яъни миллий ғоя сифатида, биз ҳуқуқшунослар аҳолини қонун устуворлиги ғояси атрофида бирлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Чунки қонун одамларнинг ахлоқий, сиёсий қарашларидан қатъий назар ягона талабларни белгилайди, барча учун мажбурий меъёрларни ўрнатади.

Қонун устуворлиги эса шундай меъёрки, фикрлар хилма хил бўлса ҳам муносабат, ёндашув бир хил бўлади, шу билан бирга қонун устуворлиги турли хил фикрларни ҳам ҳурмат қилади, муаммолар бир ёқламалик билан эмас ҳуқуқий воситалар билан ҳал этилади.

Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни бўлиб ўтган ялпи мажлис ҳақида UzReport телеканали Сенат биносидан жонли эфирга чиқиб хабар берган. Мажлис аввалида мадҳия айтилган, кейин Танзила Норбоева қисқа ҳисобот бергандан сўнг Сенатдаги эфир узилди. Бу жараён Сенат фаолиятидаги шаффофликка путур етаётгани ҳақидаги муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар