20 йил жазоланиши керак бўлган Козим Тўлаганов давлатга миллиардларни қайтарганми?

16.05.2022 18:00

Бир вақтлар Бош вазир даражасига кўтарилиши тахмин қилинган амалдор Козим Тўлагановга 20 йилга шартли қамоқ жазоси берилган ва давлатга 1,3 миллион АҚШ доллари миқдорида пул маблағи тўлаб бериш мажбурияти қўйилган эди. 

Йиллар давомида катта лавозимларда ишлаб келган Тўлаганов бу пулларни ҳукуматга қайтарганми? Нима учун у озодликдан маҳрум этилмаган, амалдорларга қонун бошқача ишлайдими? 

Rost24.uz сайти бир вақтлар одамлар оғзига тушиб машҳур бўлган амалдорнинг ҳокимиятдан кетгандан кейинги тақдири билан қизиқиб кўрди.

Сўнгги йилларда асосан ҳоким ўринбосарлари пора билан қўлга тушиб жазоланмоқда. Ҳокимларнинг эса коррупцияда доим «тоза» бўлишлари киноя ва ҳазилларга сабаб бўляпти. Гўёки ҳокимлар ҳеч қачон иқтисодий жиноят содир этмайди ва айбланмайди. Ўринбосарлар эса бирин-кетин бир неча минг АҚШ доллари билан қўлга тушаверади. 

Козим Тўлаганов 16 йил аввал айнан ҳоким лавозимида бўла туриб жазоланган амалдорлардан бири эди. Унга суд томонидан ҳукуматга 1,3 млн. АҚШ доллари миқдорида пул қайтариш шарти қўйилган.  Тўлагановнинг миллиардларни давлатга қайтарганига ўша давр ҳукумат вакиллари гувоҳ бўлганларини айтишади. Маблағларни қайтариш эса уни қамоқ жазосидан озод қилган. Аммо, шунга қарамай Тўлаганов йиллар давомида уй қамоғида бўлгани айтилади. Яъни жиноят содир этган амалдор ҳукуматдан бутунлай узоқлаштирилган. Кейинчалик, аниқроғи 2017 йилда яна унга имкон берилди.

Тоғдек уюм пулларни қайтарган амалдорнинг карьера йўли қуйидагича бошланган эди.

Козим Тўлаганов 1994 -2001 йиллар даврида пойтахт ҳокими вазифасида ишлаган ва ўша вақтда кўзга кўринган амалдорлардан бўлган. Уни ҳокимиятга келишида Шароф Рашидовнинг ҳиссаси катта бўлган. Янги мактаб қурилишини вақтида топширган Тўлагановга айнан Шароф Рашидовнинг назари тушади ва шу зайил у мансаб пиллапоясига кўтарила бошлайди.

Тўлаганов Мустақил Ўзбекистон пойтахтининг биринчи ҳокими Адҳамбек Фозилбековдан кейинги тайинланган ҳоким. У Оқсарой қурилишига ҳам бошчилик қилган.

Козим Тўлаганов Тошкентга ҳокимлик қилган даврида пойтахтнинг энг тарихий қисмларидан бўлган Чорсуда катта қурилиш ишлари олиб борилган. 

Шунингдек, Ортиқхўжаев даврига келиб қайта тикланган «Юбилейный» хоккей спорти муз саройи ҳам айнан Тўлаганов ҳокимиятда эканлигида бузилиб «Ўзкўргазмасавдо» савдо комплексига айлантирилган эди. Тўлаганов 1970 йилда бунёд этилган «Юбилейный» хоккей саройини 2000 йилда савдо марказига айлантирган. Умуман олганда Тошкент атрофида ва ичида бозорлар қурилишининг жадаллашиши айнан унинг ҳокимлиги вақтига тўғри келади.

2001 йилда Тўлаганов Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига кўтарилган. Аммо, орадан 4 йил ўтиб, у Тошкент вилоятига ҳоким этиб тайинланади ва ҳукуматдан узоқлаштирилади. 2006 йилда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Тўлагановни иқтисодий жиноятларни содир этишда айбдор деб топиб, ҳукуматга 1.3 миллион АҚШ доллари миқдорида пул қайтариш мажбуриятини юклаган. Ҳамда 1 йиллик синов муддати билан 20 йиллик шартли қамоқ жазоси тайинлаган. Тўлаганов ўша вақтда кўрсатилган суммани ҳукуматга қайтаради ва шу билан қамоқ жазосидан қутулиб қолади, лекин унга мансаб берилмайди.

2017 йилга келиб Тўлаганов яна мансабга қайтди у Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари - Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланади. Орадан 4 йил ўтиб Тўлаганов яна эгаллаб турган вазифасидан озод этилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
21
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
17.05.2022 14:42
Мансабдорларни,хаммасини текшириб корганда пора хор.буни тозалаш жуда кийин.
17.05.2022 04:11
Манимча бу даражадаги хамма амалдорлар узига керакли пулни ишлаб олиб бир кисмини давлатга топширади,ва жазодан кутулиб колишади.Бундайлар хозир хам посуда. Бекзод Мусаев,Сангинов,Раматов бу руйхатни анча даром эттириш мумкин Лекин фойдаси йук.