Шавкат Мирзиёев нима учун Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошлиқ катта жамоани Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига узоқ муддат ишга жўнатганини маълум қилди.
Яқинда Қашқадарё вилоятида ташрифи чоғида, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзга чиққан Президент сўнгги пайтларда жиддий эътибор қаратилаётган соғлом турмуш тарзи масаласига яна бир бор тўхталиб ўтди.
«Ишқилиб, бу балонинг аригани рост бўлсин, кўпчилик давлатлар раҳбарлари мендан «Қандай қилиб коронавирус пандемиясидан кам талафот билан чиқдингиз?», деб сўрашди. Мен уларга: «Метин интизом, мен суянган халқим иродаси ва шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан...» дедим.
Лекин, минг афсуски, бизда ҳам йўқотишлар бўлди. Бу шундай касаллик эканки, ҳар қанча асрашга ҳаракат қилмайлик кўп беморлар омон қолмади. Ким ортиқча вазнга, қон босимига эътибор бермаган бўлса, соғлом турмуш тарзига амал қилмаган бўлса, кўпроқ азият чекди.
Энди биз бу аччиқ синовдан тўғри хулоса чиқаришимиз керак.
Мен соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошлиқ катта жамоани бежиз Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига узоқ муддат ишга жўнатганим йўқ. Улар тинмай уйма-уй кириб аҳоли саломатлигини ўрганишяпти, керакли тадбирларни амалга оширишяпти.
Аҳолимизни қийнаётган жиддий муаммолар ва одатлар ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик. Булар билан жиддий курашадиган пайт келди. Қашқадарёликлар гўштни яхши кўришади. Энди қашқадарёликлар тандир ва жизни кўпроқ меҳмонларга бериб, ўзлари кўкатларга ва бошқа фойдали маҳсулотлар истеъмолига эътибор қаратсалар, жуда яхши бўларди», дея тавсия қилди Президент.