Транспорт воситасини бошқараётганда ҳайдовчининг “права”си ўзи билан бўлмасада биометрик паспорти ёки ID картаси ёнида бўлиши керак.
Бу ҳақида ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда республикамизда ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш жараёни кетмоқда. Қарор қабул қилингандан кейин ЙҲХХда янги база яратилган. Унга эса янги «техпасспорт» ва янги «правалар» тўлиқ киритилган. Аммо эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларида бу билан боғлиқ муаммо юзага келиши мумкин.
«Шунинг учун, янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаларида эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари бор одам уни ёнида олиб юриши шарт қилиб белгиланган. Янги ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга ҳайдовчи юқорида саналган ҳужжатлари бор бўлган тақдирда уни ўзи билан олиб юриши шарт эмас»,- дейди Эрали Бозоров.
Эслатиб ўтамиз, яқинда қабул қилинган ҳукумат қарори (172-сон, 12.04.2022 й.) билан янги Йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланди. Улар 2022 йил 1 майдан амалга киритилади.