Қорақалпоғистонлик эркак ҳомиладорлик таътилига чиқди

04.12.2020 15:06

Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали қошидаги академик лицейда 2019 йилгача бош ҳисобчи бўлиб ишлаб келган фуқаро П.С. 2017 — 2019 йиллар давомида ўзининг хизмат лавозимидан фойдаланиб, пулларни талон-торож қилган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ахборот хизмати маълумот тарқатди. 

Тарқатилган маълумотга кўра, фуқаро П.С. 2017 йилда 5 ой давомида меҳнат таътилига чиққан, директор фонди ҳисобидан рағбатлантириш пулларини олган. Мазкур жиноий ишнинг энг ажабланарли жиҳати шуки, 2018 йил 3 ой давомида лицей бош ҳисобчиси эркак киши бўлишига қарамасдан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан.

Шу каби бошқа бир қатор ҳолатларни важ қилиб кўрсатиб, у жами 122 миллион 801 минг сўмни ўз номига ёзиб бюджет ва бюджетдан ташқари пулларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан 2020 йил 23 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирги вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
09.12.2020 14:35
Сайт тез кунларда кенг масштабда омма эътиборини жалб этишига ишонаман. Платформани кенгайтириш керак! Аммо, имловий, стилистик хатоларга ҳам эътибор зарур! Умид СОРИЕВ, журналист.