Инсоният учун 2020 йил қандай воқеалар билан эсда қолмоқда?

23.12.2020 06:21

2020 йил бутун дунё тарихида турли хил офат ва синовларга бой йил бўлди. Бундан ташқари, дунё геосиёсатида ҳам турли хил ўзгаришлар юз берди. Биргина мисол, коронавирус пандемияси дунё мамлакатлари бошига оғир синовлар солди. Йил бошидан бошлаб шу давргача бутун дунёда COVID-19 1 702 596 нафар инсоннинг ёстиғини қуритди.

Қуйида 2020 йил жаҳон сиёсати, иқтисодиёти, экологияси санъати ва маданиятида юз берган воқеалар билан танишинг...

BREXIT ИМЗОЛАНДИ

Буюк Британия жорий йилнинг 31 январь санасида расман Европа Иттифоқидан чиқди. Англиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш ҳақидаги ҳужжат – Brexit имзоланди. 1 февралдан охирига қадар ўтиш даври амалиётда бўлади. Декабрь охиригача Англиянинг айрим ҳудудларида Европа Иттифоқи қонунларига амал қилинади.

«ОСКАР» ОЛГАН «ПАРАЗИТЛАР»

Жанубий Кореяда режиссёр Бонг Жоон-ҳо томонидан ишланган «Паразитлар» фильми «Оскар» мукофотини олди. Эътиборли томони шундаки, инглиз тилида бўлмаган фильм биринчи марта «Оскар» мукофотига сазовор деб топилди. «Паразитлар» триллерида иштирок этган бир қатор актёр ва актрисалар ҳам «Оскар»га лойиқ топилди.

ТИНЧЛИК ҲАҚИДА ТАРИХИЙ БИТИМ

АҚШ ва Толибон Қатар пойтахти Доҳада Афғонистондаги 18 йиллик урушни тўхтатиш тўғрисида битим тузилди. Келишувни АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Хализад ҳамда Толибон етакчисининг ўринбосари Мулла Абдулла Ғани Биродар имзолади.

МАСЖИДГА АЙЛАНГАН ЭНГ ЙИРИК ИБОДАТХОНА

Олтинчи асрга тегишли Аё София ибодатхонаси масжидга айлантирилди. Аё София ибодатхонаси минг йиллардан ортиқ вақт давомида насронийлик дини оламининг энг йирик ибодатхонаси бўлиб келган. Бироқ 1934 йили Мустафо Камол Отатурк томонидан музейга айлантирилган. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Аё София 1985 йилда ЮНEСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

РОССИЯДА РEФEРEНДУМ НАТИЖАСИ

Россия президенти Владимир Путин миллий референдумда ғалаба қозонди. Ушбу референдум президентлик муддатини узайтириш ҳақида ўтказилган эди. Бу ғалаба Россия Президенти Путинга 2036 йилгача президентликка қайта сайланиш имкониятини беради.

«БАРАКА» АЭСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Бирлашган Араб Амирликларида араб дунёсида биринчи атом электр станцияси ишга туширилди. «Барака» станциясининг қурилиши Жанубий Кореянинг «Керсо» энергетика концернига топширилган эди. АЭСга 24.4 миллиард доллар пул сарфланган.

ТРАМПНИНГ МАҒЛУБИЯТИ

Собиқ вице-президент Жо Байден сайловда Доналд Трампни мағлуб қилди ва АҚШнинг 46-президенти деб эълон қилинди. Байден йиллар давомида сенатор бўлиб фаолият юритган. Барак Обаманинг президентлик даврида эса у вице-президент вазифасини бажарган.

ОЙДА ХИТОЙ БАЙРОҒИ ЎРНАТИЛДИ

Хитойнинг «Чанготе-5” робот космик кемаси ойга қўнди ва у жойга Хитой байроғи ўрнатилди. 24 ноябрь куни космосга учирилган аппарат 17 декабрь куни ерга муваффақиятли қайтди. Аппарат орқали сўнгги 44 йил ичида илк бор Ойдан тупроқ олиб келинди.



Дилфуза ОСТОНОВА тайёрлади

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар