Солиқ қўмитасининг навбатдаги «иштаҳаси»: Ҳукумат аҳолининг чўнтагини ҳам назорат қилмоқчими?

24.06.2026 17:40

Ўзбекистонда банк карталари, омонатлар ва пул ўтказмалари устидан назоратни кучайтириш ҳақидаги баҳслар яна кун тартибига чиқди. Солиқ қўмитаси муҳокамага қўйган янги қарор лойиҳасига кўра, банклар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобварақлари, омонатлари ҳамда айрим молиявий операциялари ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиши мумкин бўлади.

Расмий изоҳларга кўра, ташаббуснинг асосий мақсади — яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш. Бироқ лойиҳа жамоатчилик ва экспертлар орасида жиддий хавотирларга сабаб бўляпти. Чунки бу масала фақатгина солиқ йиғимлари ёки банк карталари ҳақида эмас. Гап давлат ва фуқаро ўртасидаги ишонч, банк сирининг дахлсизлиги ва Конституция кафолатлаган ҳуқуқларнинг чегараси ҳақида кетмоқда.

206 миллион сўм масаланинг моҳияти эмас

Лойиҳадаги энг кўп муҳокама қилинаётган нормалардан бири — агар фуқаронинг банк картасига бир ой давомида бошқа жисмоний шахслардан жами 500 БҲМ, яъни ҳозирги ҳисобда қарийб 206 миллион сўм ёки ундан ортиқ маблағ келиб тушса, бу ҳақдаги маълумотларнинг солиқ органларига тақдим этилишидир.

Бир қарашда бу рақам оддий аҳолининг катта қисмига дахл қилмайдигандек кўринади. Аммо баҳс лимит миқдори ҳақида эмас. Асосий масала — фуқароларнинг шахсий молиявий операцияларини солиқ тизими билан тўғридан-тўғри боғлайдиган механизмнинг яратилаётганида.

Экспертлар фикрича, бугун юқори қилиб белгиланган чегара эртага пасайтирилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Энг муҳими эса, прецедент яратилаётганида. Чунки бир марта тизим ишга тушгач, унинг қамровини кенгайтириш техник жиҳатдан ҳам, маъмурий жиҳатдан ҳам анча осонлашади.

Конституция кафолати қаерда қолмоқда?

Мазкур ташаббуснинг энг баҳсли томони ҳуқуқий жиҳат билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сир тутилиши қонун билан кафолатланиши аниқ белгилаб қўйилган. Шу нуқтаи назардан қараганда, фуқароларда табиий савол пайдо бўлмоқда: Конституция ҳимоя қилган ҳуқуқлар қонуности ҳужжати билан қай даражада чекланиши мумкин?

Бундан бир неча йил аввал ҳам P2P ўтказмалари бўйича маълумотларни йиғишга қаратилган ташаббуслар жамоатчилик муҳокамалари марказида бўлган ва айрим нормалар қайта кўриб чиқилган эди. Бугун эса ўша баҳс бошқа шаклда яна қайтмоқда. Бу ҳолат қонун устуворлиги ва ҳуқуқий аниқлик масалаларини яна бир бор кун тартибига чиқаряпти.

Банк сиридан банк назоратигача

Лойиҳадаги яна бир муҳим жиҳат — банклар нафақат ҳисобварақлар, балки омонатлар ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этиши мумкинлиги ҳақидаги нормалардир. Аслида депозит ёки омонат кўпчилик учун бизнес фаолияти эмас.

Бу — йиллар давомида йиғилган жамғарма. Бу — фарзанд таълими учун ажратилган маблағ. Бу — келажак учун сақланаётган захира.

Шу сабабли омонатлар ҳақидаги маълумотларнинг давлат органлари билан алмашилиши ҳақидаги хабарлар одамларда алоҳида хавотир уйғотмоқда. Чунки банк тизимининг энг муҳим капитали пул эмас, ишончдир. Агар фуқаро ўз маблағларининг дахлсизлигига ишонмай қўйса, банк тизимига бўлган муносабат ҳам ўзгаради.

Иқтисодий оқибатлар қандай бўлиши мумкин?

Солиқ интизомини кучайтириш ҳар қандай давлатнинг қонуний мақсади ҳисобланади. Бироқ иқтисодиёт фақат назорат орқали эмас, ишонч орқали ҳам бошқарилади.

Агар аҳоли ўз молиявий операциялари доимий кузатув остида деб ҳисоблай бошласа, бу кутилмаган иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин. Аввало, нақд пул айланмаси ортиши эҳтимоли пайдо бўлади. Одамлар маблағларини банк тизими орқали эмас, қўлма-қўл шаклда айлантиришга ҳаракат қилади.

Кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасида норасмий ҳисоб-китоблар кўпайиши мумкин. Бу эса яширин иқтисодиётни қисқартириш эмас, аксинча, унинг янада кенгайишига хизмат қилиши хавфини туғдиради.
Яна бир муҳим масала — рақамлаштириш сиёсати.
Э Сўнгги йилларда давлат аҳолини нақд пулсиз тўловларга ўтказиш учун катта ресурслар сарфлади. Онлайн тўловлар, банк хизматлари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли дастурлар амалга оширилди.

Агар фуқароларда банк тизимига нисбатан ишончсизлик кучайса, бу йиллар давомида эришилган натижаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Масъул идоралар жавоб бериши керак бўлган саволлар

Ушбу лойиҳа қабул қилинишидан олдин бир қатор муҳим саволларга жавоб берилмоғи лозим. 

— Нима учун айнан шундай механизм танланмоқда?
— Бу ташаббус натижасида қанча қўшимча солиқ тушуми кутилаяпти?
— Банк сирини ҳимоя қилиш бўйича қандай кафолатлар мавжуд?
— Тўпланган маълумотлар хавфсизлиги ким томонидан таъминланади?
— Энг муҳими, Конституцияда белгиланган ҳуқуқлар билан ушбу ташаббус ўртасидаги мувозанат қандай сақланади?

Марказий банк, Адлия вазирлиги ва Иқтисодиёт ҳамда молия вазирлиги каби идоралар айнан шу саволларга аниқ ва очиқ жавоб бериши керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар