Ўқитувчилар учун Президент томонидан тайинланган махсус қўшимча тўлов нега унутилди?

30.10.2021 16:00

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жавобгар бўлган Президент фармони, афсуски, амалда ҳалигача тўлиқ бажарилмаяпти…

Чекка қишлоқ ҳудудларига қатнаб дарс берувчи ўқитувчиларга ижара ҳаққи тўлаб берилиши керак эканлигини биласизми? 

Бунга 2020 йил 6 ноябрдаги Президентнинг махсус фармони асос бўла олади.  Аммо, ҳозирда   ўқитувчиларнинг ижара ҳақи тўланмаяпти. Ҳатто ижара шартномасини тузиш ҳақида аниқ асос яратилмаган. Халқ таълими вазирлиги вакили эса фармон тўлиқ амалга оширилаётганини таъкидлади. Биздаги маълумотлар эса бунинг аксини кўрсатмоқда. 

2021 йил 1 январдан бошлаб олис ҳудудларда жойлашган буджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварида ҳар ойлик пул компенсацияси берилиши керак эди.

Бу ҳақда Президентнинг махсус фармони бор. Фармонда кўрсатилган вазифасини амалга оширишга  Бош вазир ўринбосари Б.А.Мусаев ҳамда Халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов масъул этиб белгиланган. Бироқ, мана 10 ойдан буён фармон ижроси тўлиқ таъминланмаяпти.

Бош Вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев мазкур фармон ижроси юзасидан жойларда тадбирларда ҳам қатнашиб келган. Аммо, фармонлар ижроси тадбирлар билан амалга ошиб қолмайдиган кўринади. Жиззах Ғалларол тумани 4-умумий ўрта таълим мактаби директори Акмал Исмоилов ундан ижара пуллари ҳақида сўраганда, Мусаевнинг жавоби қуйидагича бўлган:

“Фамилияни ёзасан, паспорт данныйсини ёзасан, ижарачи ва ижарага олувчининг маълумотларини киритасан ва рўйхатдан ўтқазиб қўясан. Шундан кейин бу ижара тўлашга асос бўлади».

Фармон ижроси 1 январдан таъминланиши керак эди. Буни Мусаевнинг ўзи ҳам тан олиб ўтган ва мажлисдагиларни бу муаммони тез орада ҳал бўлишига ишонтирган.

«Ижара ҳақини мактаб директори чўнтагидан тўлаб беролмайди. Туман ҳокимлиги ҳам чўнтагидан тўлаб беролмайди. Тўлаш учун эса асос керак. Асос бўлиши учун биз асосни яратиб беришимиз керак”, – дея таъкидлаган Бегзод Мусаев.

Халқ таълими вазирлиги Ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси бошлиғи Давронбек Адилбеков rost24.uz мухбирининг саволига жавоб бераркан, бу фармон тўлиқ ишлаётганини таъкидлаган.

“Бизнинг вазирлик тизимимизда вазиримизнинг ташаббуси билан узоқ ҳудудлардаги мактабларда дарс берувчи педагогларга болаларга берилаётган таълим сифати, ўқитувчиларнинг малака тоифаларига қараб рейтинг қилинган. Айнан узоқ ҳудудга бориб ишловчи педагогларга Президентимизнинг “қарор”лари (аслида фармон, таҳририят) билан қўшимча устамалар белгилаб берилган ва бу жараён тўлиқ амалга ошириляпти. Демак ҳеч қандай муаммо йўқ, тўлиқ амалга ошиб, Президент “қарорлари” тўлиқ амалда”, – дея жавоб қилган Давронбек Адилбеков.

Бироқ Rost24.uz мухбири суриштирув ўтказиб олис ҳудудда ишловчи 10 дан ортиқ педагоглар билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, ижара ҳақи у ёқда турсин, устамалар ҳам фармонда белгилангандек тўланмаяпти, бир марталик олдиндан тўловлар ҳам қуруқ ваъдадан бошқа нарса эмас.

Яна 10 дан ортиқ ўқитувчилар эса айтилгаан ваъдалар амалга ошмагач, олис ҳудуддаги мактаблардан ишдан бўшаб кетган.

Олис ҳудудлардаги мактабларда исшлаш учун оиласи билан бирга кўчиб келган ўқитувчилар бугун топаётган қўшимча даромадларини (устамани) ижара ҳақи учун тўлашга мажбур бўлмоқда. Бундаан манфаат кўрмаган ўқитувчиларнинг кўпчилиги  мактабларни тарк этишмоқда. Бу эса кадрлар етишмовчилиги юқори бўлган ҳудудларда вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

Rost24.uz фармон бажарилишига масъул бўлган мутасаддилар халқ таълим вазири Ш.Шерматов ва Бош вазир ўринбосари Б.Мусаевдан жавоб кутиб қолади.

Фармонда 100 фоиз амалда, дея ёлғон маълумот берган Халқ таълими вазирлиги Ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси бошлиғи Давронбек Адилбеков ёлғон маълумот учун жавобгарликка тортилармикан ёки қонунларимизнинг мутасаддиларга тиши ўтмайдими?

Эслатиб ўтамиз, сайтимизда бундан олдин "Халқ таълими вазирига ўқитувчиларнинг ойлиги қачон минг доллар бўлиши ҳақида савол берилди",Беҳзод Мусаевга савол: касалликнинг авж олишида ҳукумат ўз айбини сезаяптими?”  каби мақолалар эълон қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
03.12.2021 23:07
Энг чекка худудда бориб 3 йилдан буён ишлар эдик,йул пули берилмади,йулга харажатларимиз ойлигимизга тугри келмади,шу сабабли ишдан бушаяпмиз.Аммо урнимизга мутахасис йук.Укувчиларимизга ачинамиз
06.11.2021 11:58
Nega ustama faqat olis hududga men Chinoz 1-IDUMga Sirdaryo viloyati mirzaobod tumanidan qatnab ishlayman lekin xech qanday ustama va yordamlar yoq. Maktab qizilda lekkin umid bor
03.11.2021 05:45
Vazirlikni javobiga ayrim o'qituvchilarga moddiy yordam va kvartira pullarida uzilishlar bo'lgan deb yolg'on ma'lumot beryapti men shaxsan Vodiydan 158 nafar oliy toifali ustozlarni olib keldim birontasiga to'lagani yo'q. 991878564 Murodjonman men 4 oylik kvartira pullarim qolib ketdi Oktabr bilan 5 oylik
02.11.2021 15:45
Amalda oshirilgan qarorlar ijrosini kim nazoratga oladi shuni menga aytaolasizmi
31.10.2021 16:01
XTV vaziri ushbu amalni egallaganidan beri nimalarni qoyil qildi? O'qituvchilarni "majburiy mehnatdan ozod qildim" deb masxaralashdan nariga o'tgani yo'q. O'qituvchilar haligacha "ixtiyoriy-majburiy" millionlab so'mga obunaga jalb etilmoqda(G'allaorol)
31.10.2021 12:07
Ushbu maqola e'lon qilingan kun G'allaorol tuman 4-maktab direktori padari buzrukvori Arsonxo'ja ustoz Ismoilov vafot etdilar. Ilohim ustozning oxirati obod bo'lib joylari jannatda bo'lsinlar. Inna lillahi va inna ilayhi rojiun