Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларига ҳокимлар раис бўлди

18.10.2021 20:06

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши тасдиқлаган Низом асосида, Тошкент шаҳар ва барча вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг раислари, деб белгиланди.


Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълумотларига таяниб kun.uz нинг маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши томонидан қабул қилинадиган қарорлар тегишли ҳудуддаги барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурий деб белгиланган.

Шунингдек, Аксилкоррупция агентлиги ҳудудий кенгашларнинг таъсис мажлисларида вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг раислари этиб тасдиқланганини маълум қилган.

Ҳудудий кенгаш Ўзбекистон қонунлари ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши қарорлари асосида фаолият юритади. Унга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари амалга оширилишини таъминлаш, соҳадаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, коррупция ҳолати ва тенденцияларига доир ахборотни йиғиш ва таҳлил қилиш, аксилкоррупция чоралари бўйича мониторинг ҳамда соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш каби бир қанча вазифалар юклатилган.

Низомда ҳудудий кенгаш ўз фаолиятини доимий асосда олиб бориши ва ўз мажлисларини заруратга қараб, аммо йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказиши белгиланган. Ҳудудий кенгашларнинг ишчи органи функциясини тегишинча, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари котибиятлари бажаради.

Ҳудудий кенгаш раислари кенгаш фаолиятига ва мажлисларига раҳбарлик қилади, кенгаш кун тартиби ва иш режаларини тасдиқлайди ҳамда ҳудудий кенгаш мажлисларида ҳал қилувчи овозга эга бўлади.

2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони асосида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилган эди.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг раиси этиб, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, унинг ўринбосари сифатида Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов тасдиқланган. Бундан ташқари, Миллий Кенгаш таркибидан деярли барча вазирлар ва давлат ташкилотларининг раҳбарлари ўрин олган.

Айнан ушбу фармон асосида ташкил қилинган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Миллий кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланиб, унга кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини ташкил этиш вазифаси юкланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
20.10.2021 16:37
Куйлани бурини огзига топширимизде
19.10.2021 15:38
Eski hammom eski.... Usha usha ..
19.10.2021 08:42
Энди фақат виждондан умид қиламиз
19.10.2021 08:14
Bechora hokimlar, endi xotinlariga qarshi kurashar ekanda? Axir ular ko'pchik bo'lsa: hokimlar emas, xotinlar.
19.10.2021 08:03
Qo'ylarga cho'ponlik bo'rilarga berilibdi-da !?
19.10.2021 06:00
Ха, энди коррупцияни тугатиш ечими топилибди. Хокимлар тугатади уни, офарин.
18.10.2021 22:26
Ха балли!
18.10.2021 22:15
Уғрини қароқчи урибди-да.