Сурхондарёдаги афғон инвесторлари виза масаласида ечим кутмоқда

22.09.2021 16:49

Сурхондарё вилояти ҳокими афғонистонлик инвесторлар билан учрашув ўтказиб, уларнинг таклиф, ғоя ва муаммоларини тинглади. 

Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бугунги кунда Сурхондарёда 340 нафар афғон инвесторлари тадбиркорлик билан шуғулланади.

Очиқ мулоқотда қўшни мамлакат сармоядорларининг 55 та масаласи тингланиб, ечимини топиш йўллари изланди. Афғон инвесторларининг аксарияти виза муддатини узайтириш бўйича мурожаат қилишган.

"Президентимиз ташаббуси билан мамлакатларингизга юборилган гуманитар ёрдамни қўшни давлатга етказиб бердик, Муваққат ҳукумат вакиллари билан учрашдик. Барчаси яхши бўлади. Янги ҳукумат ҳам мамлакатимиз билан иқтисодий-савдо, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдори. Тўғри, айни пайтда сизларда виза масаласида муаммолар пайдо бўлган. Бу масаланинг ўзига хос сабаблари бор. Буни соҳа ходимлари ҳозир сизларга батафсил тушунтириб беради. Вилоятда тадбиркорлик билан шуғулланишларингиз учун барча шароитларни яратиб беряпмиз ва бундан кейин ҳам сизларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Бугунги очиқ мулоқотимизни ҳам шу мақсадда ташкил этдик. Агар фаолиятингизда бирон бир муаммога дуч келаётган бўлсангиз, бемалол айтинг. Биргалашиб ҳал этиш йўлини топамиз. Соҳани янада ривожлантириш бўйича ғоя ва таклифларингизни тинглаб, қўллаб-қувватлаймиз", – деди Тўра Боболов.


@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар