Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида мустақил ҳамширалик билан шуғулланишга рухсат берилади

18.09.2021 13:35

ШАРТЛАРИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Ҳукумат қарори билан Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида “ҳамширалик иши” фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида “ҳамширалик иши” фаолияти билан шуғулланишга ўрта тиббий (ҳамширалик иши, даволаш иши, акушерлик иши) ёки олий ҳамширалик иши бўйича олий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган шахсларга (ҳамшира) рухсат берилади.

Бунинг учун ҳамшира махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтади.

Ҳамширага маълумотнома расмийлаштирилиб, шу асосда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурида рўйхатдан ўтади ҳамда мустақил ҳамшира сифатида фаолиятини бошлайди. Мустақил ҳамшира ахборот дастурида маълумотларни бевосита ўзи киритиши ёки туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига келган ҳолда ахборот дастурида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Бунда малака тўғрисидаги сертификат бўлиши талаб этилади, мустақил ҳамшира таълим ташкилотини тугатганига 3 йил бўлмаган тақдирда ушбу сертификат талаб этилмайди. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг мазкур фаолият билан шуғулланиш имконини берувчи гувоҳнома автоматик тарзда расмийлаштирилади. Гувоҳнома чекланмаган муддатга берилиб, уни расмийлаштиришда ҳақ ундирилмайди.

Низомга кўра, мустақил ҳамширанинг шифокор кўрсатмасисиз ҳамда унинг тавсияси асосида аҳолига мустақил тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш бўйича ҳуқуқлари белгиланди.

Шунингдек, мустақил ҳамширага стерилизация қилиниши талаб этиладиган тиббий буюмлардан фойдаланган ҳолда аҳолига тиббий муолажаларини бажаришига, дори воситалари қабул қилишда ножўя таъсир ҳолатини аниқлаш мақсадида қўйилган синама ҳолатини баҳолашга рухсат этилмайди. Мустақил ҳамшира фаолиятни амалга оширишдаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
20.09.2021 16:23
Мустакил хамширага ойлик толанадими
19.09.2021 08:44
"Telefonda gaplashmanglar, antenna orqali koronavirus yuqar ekan",- G'allaorol Meditsina Instituti (G'alMI) bitiruvchisining farzandlariga aytgan gapidan.
19.09.2021 07:40
Bir doktor aytgan edi: "Kimning uyida gamshira bo'lsa, o'sha uyda kasal ko'p chiqadi". Hayotda isbotini ko'rdim va ko'rayapman. Ularning ko'r-ko'rona, malakali doktor ko'rsatmasisiz o'zboshimcha "muolaja"lari oqibati uchun kim javob beradi?
18.09.2021 18:46
Qatortoldagidek joylarda "mehnat" qiluvchilar ham "o'zini band qilgan shaxs" sifatida ro'yxatga olinishi kerak, chunki ular "eng qadimgi kasb" egalari.