Нурхон Нафасов ва Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси атрофидаги низолар ҳали тугамади

16.09.2021 09:35

Ҳуқуқшунос: “Туман судига Олий суд ажримининг ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилмаган”

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг (2021 йил 16 июнь) қарордан норози бўлиб даъвогар Нурхон Нафасов ишни такроран кўриб чиқиш учун Олий суд ўринбосари номига ариза киритган.

2021 йил 14 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтохур туманлараро суди раиси Ғуломова М.З. томонидан имзоланган хатга кўра, “Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Шайхантоҳур туманлараро суди томонидан даъвогар Нафасов Нурхон Зиетовичнинг жавобгар O”ZBEKISTON KARATE MILLIY FEDERATATSIYA Давлат унитар корхонасига нисбатан буйруғни ғайриқонуний деб топиш ва ишга тиклаш ҳақидаги фуқаролик иши юзасидан чиқарилган 2020 йил 20 октябрь кунидаги ҳал қилув қарори Тошкент шаҳар судининг 13.09.2021 йилдаги ФСХ-1-10-4771/21-сонли топшириқ хатига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ўрганиб чиқилгунга қадар ижро ҳаракатлари тўхтатилганлиги маълум қилинади” деб кўрсатилган.

Ушбу туман судининг ижро ҳаракатларини тўхтатиш тўғрисидаги хатининг қонунийлиги ва ҳаққонийлиги бир неча сабабларга кўра шубҳа остида қолмоқда. Аввало хатда жавобгар O”ZBEKISTON KARATE MILLIY FEDERATATSIYA”сининг ҳуқуқий мақоми “давлат унитар корхонаси” деб кўрсатилган. Ҳолбуки бу федерация нодавлат ташкилоти ҳисобланади. Агар туман судининг шу хати орқали ижро ҳаракатлари тўхтатилишига қаратилаётган бўлса, унда Н.Нафасовнинг ишга тиклаш қисмини ижроси тўхтатилиши лозим. Лекин, Мажбурий ижро Олмазор туман бўлимида бундай мазмунда ижро ҳужжати мавжуд эмас.

Бундан ташқари фуқаролик процессуал қонунчиликда туман суди ўзидан юқори турган Олий суди ажримининг ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи белгиланган эмас. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 455-моддасида суд томонидан берилган ижро варақаси асосида қўзғатилган ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш шу суд томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Ҳозирги кунда Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Олмазор туман бўлимини ижро иш юритувида фақат 2021 йил 16 июнь куни Ўзбекистон Республика Олий суди фуқаролик ишлари бўйича кассация инстанцияси судлов ҳайъати томонидан чиқарилган ажримини ижросини таъминлаш учун ижро варақа мавжуд.

Шу сабабли ҳам Шайхантоҳур туманлараро суди раиси Ғуломова М.З. томонидан имзоланган 01-к-1/21 сонли хат ижросини Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Олмазор туман бўлимига юбориши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 455-моддаси талабларига зиддир.

ФПК шу моддасида ижро ишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек давлат ижрочисига юборилади деб белгиланган. Лекин, Шайхантоҳур туманлараро суди раисининг хатида, бу ҳақда ундирувчи жавобгар O”ZBEKISTON KARATE MILLIY FEDERATATSIYA”га маълум қилинаётганлиги кўрсатилган эмас.

Шу билан бирга “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунинг ижро иши юритишни тўхтатиб туришнинг мажбурийлигини тартибга солувчи 34-моддасининг 3-бандида ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган суд ҳужжатини ёки бошқа орган ҳужжатини ижро этишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи қонунда берилган мансабдор шахс томонидан қарор чиқарилиши белгиланган.

Шу сабабли ижро ҳаракатларини суднинг қарорисиз фақат суднинг хати орқали тўхтатиб туриш нечоғли қонун талабларига тўғри келади.

Бу хат туман суди томонидан 2021 йил 14 сентябрь куни расмийлаштирилиши ҳам шубҳа остида. Сабаби шу куни Мажбурий бюроси Олмазор туман бўлими ходимлари Олий суднинг чиқарилган қарор юзасидан ҳаракатларини амалга оширилаётган эди. Н.Нафасов ижро ҳаракатларини тўхтатиш учун ушбу хатни давлат ижрочисига тақдим этган.

Ушбу ҳолатларни эътиборга оладиган бўлсак, бу хат баъзи суд ходимлари томонидан саводсизларча расмийлаштирилган ёки хат сохта кўринишга эга. Суд ходимлари томонидан ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда шу каби қонунбузарликка йўл қўйилиши албатта ачинарли ҳолдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши раҳбарияти бу ноқонуний холатни атрофлича ўрганиб чиқиб ва қонун бузилишига йўл қўйган суд ходимларига нисбатан тегишли чора кўради деган умиддаман.

Ҳусан Маҳбубов,

Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси ҳуқуқшуноси. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
16.09.2021 13:01
Nurxon aka, ruslarda bir gap bor: "Не мажешь~не поедешь". Siz ularni yaxshilab basharasiga "мазать" qiling, axir "qora belbog' "siz-ku.