Мультик қаҳрамонлари кийимини кийиб томоша кўрсатадиган инсонларнинг ниқоб ортидаги ҳаёти

01.09.2021 17:01

Rost24.uz мухбири меҳнати кўзга кўринмас инсонлар билан бирга бўлиб, уларнинг ҳаётини ўрганди ва бевосита ўзи ҳам бу қийинчиликларни ҳис қилиб кўрди.

Ўзбекистонда бугунги кунда статистик ҳисоб-китобларга кўра, ишсизлик даражаси 13,2 фоиздан ҳам ортиқроқни ташкил этар экан. Аҳолимиз орасида ишсизликдан азият чекаётганлар бир мунча. Мардикор бозорларига иш излаб чиққан одамлар ҳам бир талай.

Бугунги қаҳрамонларимиз эса ишсиз эмас, улар ҳалол меҳнат қилиб пул топишмоқда. Узоқдан қараганимизда бу ишни биз касб ёки соҳа ҳисобламаймиз. Лекин улар учун бу тирикчиликдан бошланган бўлса ҳам бугунги кунда бир касб даражасида.

Улар билан суҳбатлашиш жараёнида қизиқарли ҳолатларнинг гувоҳи бўлдик. 13 ёшли болалар мана шундай кийимларни кийиб, ота-онасига пул олиб боряпти. Қаҳрамонимиз Оғабек Исомиддинов буни шундай айтиб бердики, одам таажжубланади:

"Мен бу ишни бошлаганимга 2 йилдан ошди. Бошида бошлаганимда қийинчилиги бор эди, иссиқда қизиб кетардим, кўп қолиб кетардик, лекин болаларнинг қувончини кўриб, ҳаммасини унутардим. 

Ойимнинг туғилган кунига шу топган пулларимдан сумка олиб бердим, улар хурсанд бўлдилар. Ҳар доим уйга нон кўтариб бораман. Ҳозирги кунда дам олишдамиз, шунга ҳар куни ишдаман, лекин дарсларим бошланса, фақат якшанба куни ишга чиқаман", деди Оғабек Исомиддинов.

Энг қувонарлиси 13 ёшли боланинг ҳозирдан орзулари, мақсадлари тайёр – тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи.

Иккинчи суҳбатдош Фарруҳ Жовлиев, Babyshow компанияси асосчиси. У ҳозирги кунда нафақат томоша кўрсатиш билан, балки мана шундай томошаларга ихтисослашган компания очиб, компанияни кенгайтириш арафасида экан.

"Бу ишни бошлаганимга 9 йил бўлаяти. Бошида ресторан очилишларида 5 соатлаб турардик, 8 минг сўм беришарди. Жуда кўп қийинчиликлар бўлган. Сабр қилиб ишни давом эттирардик. Кейинчалик бу нарсани кенгайтириб ўзимизда махсус кийимларини чиқариш истаги туғилган. Чунки барча кийимлар четдан келарди. Ҳозирги кунда импорт қилмаяпмиз, барча кийимлар ўзимиздан чиқмоқда. Шу тарафлама тадбиркорликни йўлга қўйдик. Йигитларни иш билан таъминлаяпмиз, ҳозир уларнинг ҳам топадиган даромади олдингидай эмас, анча яхши. Ҳатто ойига 8-9 миллион ҳам топишади, меҳнатига яраша. Мактаб ўқувчилари ҳам бўш вақтларида келишса албатта уларга ҳам кунлик иш берамиз, чақирамиз. Чунки бу нарса биринчи ўринда одамни меҳнатга ўргатади, иккинчидан одамлар билан мулоқот қилишни, жамоа олдида ўзини қандай тутишни ўрганади. Бу улар учун келажакдаги ҳаёти учун жуда ҳам керакли нарса . Менинг ўзим эса болаларнинг кулгусини кўриб, бу соҳанинг қийинчиликларига қарамасдан ишлагим келади. 

Лекин ўқиш ниятим бор, олдинги йил Мир-Араб мадрасасига ўқишга топширганман, киролмадим. Энди бу йил ҳам албатта, ҳаракат қилиб кўраман. Ҳозирги кунда араб тилини ўрганяпман", дея сўзини якунлади Фарруҳ Жовлиев.

Бу инсонларнинг ҳаракатини, кўзидаги шижоатини кўриб одам тўлқинланиб кетади. Улар ўтиришгани йўқ, улар меҳнатда, келажакдаги мақсадлари аниқ. Улар болаларга қувонч бериб роҳатланишади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, меҳнат қилиб оиласини боқишмоқда. 

Шахсан ўзим уларнинг кийимини кийиб, иссиқлигидан 5 дақиқа ҳам юра олмадим. Уларнинг ҳолатини ҳис қилиб кўрдим. Лекин биз узоқдан қараганда, осон деймиз, уларнинг меҳнатини қадрламаймиз ва ҳатто устиларидан куламиз.

Лекин...

Биз бу иш билан шуғулланувчи икки шахснинг ҳаётини сизга таништирдик. Бу билан сизда шу иш билан шуғулланувчи инсонларнинг иши ва шахсий ҳаёти ҳақида оз бўлса ҳам маълумотга эга қилиш эди. Бу ким учундир ўрнак, ким учундир сабоқ, ким учундир эса кўзгу бўлар...

Ирода Фарходова

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
02.09.2021 09:50
Баъзан уларни хақорат қилишади, масхаралашади, уялтирган бўлишади. Аввало бировларнинг топганини "жеб жотган"лар уялишсин, ўзларидан ор қилишсин, агар ориятлари (эркакликлари) бўлса.
02.09.2021 06:22
Barakalla, qandini ursin! Halollikka nima yetadi? To'rt muchasi sog' bo'la turib ko'chada tilanchik , eng yomoni firibgarlik qilayotganlardan Xudo asrasin. Faqat o'quvchilar sog'lig'iga va ongiga ehtiyot bo'lish, pulni halol sarflashni o'rgatish kerak.