СПОРТ: Ёлғонларимизга ўзимиздан бошқалар ишонишга мажбур эмас

19.07.2021 15:33

XXXII ёзги Олимпия ўйинларини шармандали бошладик

Бир жамоа бўлиб ҳаракат қилинадиган ўйинларда жамоадошларнинг бир-бирларини тушунишлари нима учун муҳим?! Албатта, бир-бирлари тушунадиган тилда ҳийла қилсагина, жамоа ғалаба қозонади.

Яккакурашларда буни спортчининг ўзи ҳал қилиши керак. Лекин вақт билан боғлиқ бўлган енгил атлетика, сузиш каби спорт турларида ҳийла ишлатиб бўлмайди. Кучайтирувчи гормонал дорилар ҳам иш бермаслиги мумкин. Шу сабабдан барча халқаро спорт ташкилотлари "ҳалол ўйин" механизмини ишлаб чиқишган.

Аммо Ўзбекистон сузиш федерацияси Токио йўлланмаси учун шу ишни қилган кўринади. Ҳар ҳолда ҳиндистонлик спортчининг норозилиги шундан.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси эса сузиш бўйича лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатида содир бўлган вазият юзасидан расмий баёнот берди. Ноҳақлик қилингандирки, Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниевни вақтинча ўз лавозимидан четлатиш талаби қўйилган.

Одатда ўзбекистонлик сузувчилар Олимпия йўлланмасини қўлга киритишдан бошқа натижа кўрсата олишмайди. Агар статистика учун шунга ҳам ғирром аралашган бўлса, бу олдинга силжиш эмас, аксинча, ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас.

Ёлғоннинг учинчи тури – статистика билан ўзимизни ўзимиз алдашимиз мумкин. Ва бунга ўзимиз ишонмаган ҳолда ишонамиз. Аммо бизни ёлғонларимизга ўзга юрт вакиллари ишонишга мажбур эмас.

Аслида нима бўлган эди?

21 апрель куни ҳиндистонлик спортчи Ликит Селвараш Према ютубда видео эълон қилди. Унда ўзбекистонлик спортчилар ғирромлик йўли билан олимпиадага йўлланма олгани маълум қилинган. Преманинг фикрича, маҳаллий ташкилотчилар ўзбекистонлик спортчиларнинг натижаларини сунъий яхшилаб қўйиш орқали уларга йўлланмани тақдим этишган. «Масалан, Алексей Тарасенконинг 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича натижаси 48,55 сония деб кўрсатилди, бироқ унинг асл натижаси 51 сония эди», деган Према ва бунга исбот сифатида видео ҳам тақдим қилган.

Ҳиндистонлик спортчининг айтишича, натижалар асосан финал босқичи бўлмаган эрталабки баҳсларда ўзгартирилган. Ликит Селвараш Према ташкилотчиларнинг эътиборини тортиш учун собатаж уюштиради. У 200 метрга брасс усулида сузиш баҳсларида стартга чиқмайди.

Бироқ вазият бошқа тарафга ўзгаради. Ташкилотчилар томонидан маҳаллий ҳуқуқини талаб қилувчиларга қўлланадиган УСУЛ ҳам қўлланади. Яъни Према стартга чиқмагани унинг яхши эшитмаслиги билан боғлиқ деган тиббий маълумотнома олишга ҳаракат қилишади. Аниқроғи, ҳиндистонлик спортчини қулоғи кар одамлигини ҳисоботда исботламоқчи бўлишган. Уни ҳатто ҳасадчига ҳам чиқаришади.

Алал-оқибат эса бизнинг ўзимизга хос усул ўзгаларга ўтмай қолади. Натижада, дунёга спорт билан эмас, спортдаги шармандагарчилик билан таниляпмиз. Бундай олиб қараганда, бу ҳам танилишнинг яхшигина усули бўлса керак.

Эслатиб ўтамиз FINA комиссияси текширувлардан сўнг сузувчилар Одилбек Юсупбоев, Элдор Усмонов ва Алексей Тарасенконинг натижалари сохталаштирилганини аниқлаган. Бунинг ортидан уларнинг Токио олимпиадасига берилган лицензиялари бекор қилинди.

Хуршиджон Турсунов ва Наталья Критинина олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
21.07.2021 23:05
Bo'sh kelma O'ZBEGIM agar haq bo'lsang!
21.07.2021 04:04
"Қўшиб ёзиш" авлодлариданмиз...
19.07.2021 18:17
сузувчиларниям "Пахтакор"и бор эканде-а?