“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони кимларга берилиши керак?

08.07.2021 11:08

Вазирлар Маҳкамаси эътиборига

Ватан учун тик туриб жон берганларга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилишига нима тўсқинлик қилади?

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдурауф Фитрат... Булар "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонига арзийдими, йўқми? Албатта, бу биз хулоса қиладиган масала эмас.

Лекин мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан шу жадид боболаримизга ушбу унвон берилса яхши бўларди. Бу мукофот фақат тирикларга берилади, деган қоида бўлса, истисно тариқасида, албатта.

Қолаверса, номлари зикр этилган боболаримиз мероси ва жасорати олдида тирик юрган кўпчилигимиз пеш эмасмиз. Айнан улар пешонасида милтиқ тиралиб турган бўлса-да, миллатнинг бугунги озодлигини, тилини ва ўзлигини қаттиқ туриб ҳимоя қилишган эди.

Бизнинг 65 нафар депутатимизга ўхшаб тилимизга беписандлик қилишмаган эди... Улар озодлик учун билвосита жонларидан кечган, ўлимни бўйнига олиб шу Ватан, миллат ҳурлигини ҳимоя қилган ва буни тик туриб мустабидлар юзига айтишдан қўрқмаган эди...

Тўғри, улар бугун орамизда йўқ, бироқ бугун биз куйлаётган истиқлол ғоялари ёки минтақа интеграцияси, буюк миллат ва давлат ғояларини айнан шу жадид боболаримиз шакллантиришган, томирларимизда оқаётган қонга сингдириб кетишган эди.

Америкалик муаррих Эдвард Оллворт “Туркистон” атамаси жорий қилинишини жадидларнинг кейинги авлодларга таъсир кўрсатган интеллектуал хизмати, деб ҳисоблайди.

Тарихчи яна қайд этадики, ўша мустабидликнинг олатасир замонларида ҳам коммунистик мафкура томонидан этник жиҳатдан бетараф кишиларни яратишга уринишлар бўлганига қарамай, ХХ асрнинг 80-йилларида ҳам ўзбеклар учун СССРга умумий тегишлиликдан фарқ қилувчи Ватан тушунчаси мавжуд эди.

Мамлакатда Ўзбекистонга нисбатан “она юрт” атамаси ишлатилар, бу СССР давридаги мактаб дарсликларидаги катта ҳарф билан ёзиладиган “Ватан” тушунчасидан фарқ қилар эди.

Бу, албатта, ўша қарамлик даврларида ҳам халқимиз қалбида эркка, озодликка бўлган талпинишнинг мудом “ўлмагани”ни англатади. Ҳеч шубҳасизки, бу туйғу миллатпарвар боболаримизнинг беназир хизмати маҳсули, десак ҳеч адашмаган бўламиз. Шу маънода, уларни ҳар қанча шарафласак арзийди.

Манба: @platformauzb

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
10.07.2021 12:08
Буюк боболаримиз -Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдурауф Фитратлар миллат қаҳрамонлари.Уларнинг номи ҳар қандай давлат мукофотию, унвонларидан юқоридир. Ўзбекистон Қаҳрамони унвони фермерларга, тўқувчилар, ўқитувчилар ва нари борса шоирларга берилган ва бериладиган унвон. Шундай экан, буюк сиймолар кўксига ана шу унвонни тақиб уларнинг номини сийқалаштириш кимга керак?..
08.07.2021 12:36
жуда тўғри!