Абдулазиз Комилов билан интервью: АҚШ — Афғонистон — Ўзбекистон муносабатлари

07.12.2020 05:13

2020 йил февраль ойида АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги келишувга биноан АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишининг сўнгги муддати белгиланган эди, аммо таҳлилчилар «Толибон» келишувдаги шартларни бажармаганини эслатмоқда.

Келишилган шартларга биноан улар «Ал-Қоида» билан алоқаларини узиши керак. CNN телеканали маълумотига кўра эса жорий йилнинг ноябрь ойи бошларида АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер Оқ уйга махфий хабар юборган. Унда Эспер Афғонистон тараф шартларни бажармагунча, АҚШ ўз ҳарбийларини қисқартирмаслиги керак, деган. Шундан сўнг, 9 ноябрь куни, Трамп Эсперни твиттер орқали лавозимидан озод қилади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 19 ноябрь куни Пентагонда айни пайтда АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажараётган Кристофер Миллер билан учрашди.

Rost24.uz мухбири Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига АҚШ — Афғонистон — Ўзбекистон муносабатларига доир айрим саволлар билан мурожаат қилди.

АҚШ Афғонистондаги ҳарбийларини камайтирса, бу Ўзбекистоннинг Афғонистондаги режаларига қандай таъсир қилади? Ўзбекистон денгизга чиқиш истиқболини Афғонистон билан боғламоқда. Оқ уйда АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбийларини камайтириши ҳақидаги хабарларнинг янграши Ўзбекистонни хавотирга солдими? Бу саволлар Марказий Осиё билан қизиқувчи томонларни, шунингдек, сиёсатшунос ва дипломатларни ҳам бирдек қизиқтириб келмоқда.

Афғонистонда ҳозир жуда катта ижобий ўзгаришлар жараёни кечмоқда. Кеча Дохадан бу борада яна бир яхши хабар келди, – деди Комилов.АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ўзи баҳо бериб, мана шу фикрни билдирдики, ҳозирда икки томон келишиб, асосий принципларни ишлаб чиқиб, ҳужжат қабул қилишди. Бу принциплар келажакда тинчлик ўрнатиш, музокараларда қайси йўлдан бориш, қандай мавзулар, қоида ва процедурада бўлиши кераклигидан иборат. Бу жуда катта ютуқ бўлди. Чунки ҳозиргача фақат мана шу икки ой мобайнида музокараларни қандай бошлаш керак, ҳаттоки музокара ўтказиладиган хонага ким биринчи бўлиб кириши кераклиги бўйича ҳам фикр алмашишди ва бу жараён жуда чўзилиб кетди. Мана, энди ҳозирда улар келишиб олишди ва амалий музокарани бошлашди. Бу жуда катта ютуқ ва ижобий воқеа.

Иккинчидан, АҚШ вақти-соати келганда бу йил ёки келаси йил шартнома асосида Афғонистондан кетиши керак эди. Лекин, шундай хавотир бўляптики, агар АҚШ Афғонистондан тўсатдан кетиб қолса, у ерда бўшлиқ пайдо бўлиб қолиши мумкин. Бизнинг фикримизча, АҚШ Афғонистонни ташлаб кетмайди. Чунки Афғонистондаги тинчлик ва фаровонлик авваламбор АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатлари учун ниҳоятда муҳим. 11 сентябрь воқеалари экстремизм масофа танламаслигини кўрсатган.

— Сизнинг 19 ноябрда АҚШга қилган ташрифингизда АҚШ Тинчлик корпусининг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида ҳам музокаралар бўлгани айтилди. Тинчлик корпуси Ўзбекистонга қайтадими?

— Тинчлик корпуси вакиллари Ўзбекистонга келади.

— 2021 йилда Ўзбекистон ва АҚШ стратегик диалоги учрашуви Тошкентда ўтиши кутилмоқда. Унда қандай масалалар кўрилади?

— Бу янги анжуман, янги учрашув ва янги тадбирдир. У олдинги диалогларга қараганда кенг доирада ўтказилади, ва албатта, кун тартиби ҳам ўзгаради. Унда узоқ муддатли стратегик масалалар кўриб чиқилади ва ўйлайманки, келажакда АҚШ ва Ўзбекистон алоқалари кучайишига ўз ҳиссасини қўшади. Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга қилган ташрифлари боис стратегик ҳамкорликнинг янги даври очилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар