Rost24.uz текширув бошлади: судьялар қайси маошларига қасрларда яшамоқда?

23.06.2021 19:05

Коррупцияга қарши қачон самарали кураш бўлади? Қачонки сирли деб аталадиган, аслида жамоатчиликка очиқ бўлиши керак бўлган маълумотлар ошкора ҳолатда ОАВда ёритилса, жамоатчилик барча тафсилотлардан хабардор бўлса. Айниқса, давлат тизимида ишлаётган, бюджетдан ойлик олаётганлар, халққа хизмат қилиши керак бўлган қатламнинг фаолияти, яшаш тарзи жамоатчилик назоратида бўлиши ва шаффоф тарзда барчага аён бўлиши лозим.

Ўзбекистонда судьялар қанча маош олади? Судьялар олаётган маошига улар яшаётган уй-жойи ва минаётган автомобиллари тўғри келадими? Умуман судьяларнинг яшаш шароити қандай?

Маълумки, кўпинча халқ орасида судьялар ҳақида олаётган маошига шундай қасрларда яшаш мумкинми каби ҳақли саволлар айланиб юради.

Судьялар олий кенгашининг журналист ва блогерлар учун ўтказган махсус матбуот анжуманида rost24.uz мухбири айнан шу саволлар билан мутасаддиларга юзланди ҳамда сайт ходимлари судьяларнинг яшаш манзилларига бориб, яшаётган жойлари ва харажатлари қанчалик маошларига мутаносиблигини ўрганаётганини маълум қилди.

Масъул идора вакиллари эса журналистларни яхши гумонда бўлишга чақирди.

“Оноре да Бальзакнинг “Барча катта бойликлар ортида катта жиноят ётади”, деган фикрига биз кўп ҳам қўшилмаймиз. Яхши гумонда бўлайлик. Айбсизлик презупмцияси бор бу ерда. Алоҳида шахслар айтилса, инспекция шуғулланади, албатта. Олаётган маошига яшаётган уйлари тўғри келмаяпти. “Сен ўғрилик қилгансан, сен коррупцияга йўл қўйгансан”, дейишга ҳаққимиз йўқ”, дейди Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Жалилов.

Судьяларнинг маоши бўйича масъуллар аниқ ва тўлиқ жавоб беришдан қочишди. Бироқ, давлат бюджетидан маош олувчи ходимнинг маоши жамоатчиликдан сир сақланиши қайси мезонларга тўғри келади? Қолаверса, матбуот анжуманида айтилишича, судьяларнинг маоши Президент фармонига кўра оширилган.

“Aйрим ҳолатларда хизмат сири ёки давлат сири бўлгани сабабли маошлар ошкор қилинмайди. Судьянинг яшаб турган ҳудуди, иш ҳажми ҳисобга олиниб, 18-21 разрядларда ойлик иш ҳақи белгиланади.

Мисол тариқасида айтиш мумкин, 18 разрядда ишлайдиган судьялар ойлик иш ҳаққи 16 миллиондан бошланади. Ҳар бир судья кўрадиган ишининг ҳажмига қараб 17-18 миллион ва ундан ортиқ маош олиши мумкин. Ойлик маошлари оширилган, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниш даражамиз кўтариляпти”, дея жавоб қилди Алишер Жалилов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
14
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
27.06.2021 08:10
Судялар дахлсиз кимсалар деб карор чикаринглар....
25.06.2021 14:38
Omad !