Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахслар учун иш бозори мавжудми?

22.06.2021 11:41

Бугунги кунда олий ўқув юртини тамомлаган ногиронлиги бор шахслар иш топишда қандай тўсиқларга дуч келишади?

Rost24.uz мухбири ногиронлиги бор шахсларни ишга жойлашда амалий кўмак берувчи янги лойиҳа билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий маълумотларига кўра 162,2 минг нафар давлат рўйхатига олинган ногиронлиги бор шахслар меҳнат фаолиятининг муайян турларини бажариш учун лаёқатга эга. Аммо, Давлат солиқ қўмитасининг жисмоний шахслар даромад солиқлари бўйича олинган маълумотларга кўра ногиронлиги бўлган 162,2 минг фуқаронинг СТИР (ИНН) билан солиштирилганда, улардан атиги 21,1 минг нафарининг (13%) иш билан банд эканлиги айтилган.

Ногиронлиги бўлган болалар ва ёшлар республика маркази раҳбари Раъно Шодиеванинг айтишича, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг атиги 2 фоизи иш билан таъминланганлиги кўрсатилган. Энг ёмони ногиронлиги бор аёлларнинг аҳволи эркакларникига қараганда анча ёмонроқ: аёлларнинг атиги 4,4 фоизи ва эркакларнинг 8,9 фоизи иш билан таъминланган.

Кўриниб турибдики, юртимиздаги ташкилотлар ногиронлиги бор шахсларни тўлиқлигича иш билан таъминлай олмаяпти. Олий таълим даргоҳини битириб чиққан ногиронлиги бор битирувчилар ҳам ўз ишини топиш жараёнида қийинчиликларга дуч келишмоқда. Ташкилотлар 3 тагача ногиронлиги бор шахсларни ишга қабул қилишга мажбурлиги қонун билан белгилаб қўйилган. Аммо натижа ўзингизга аён...

Бундай муаммоларни ечиш учун кичкинагина жамоат бирлашмаси улкан шаҳд билан янги лойиҳага қўл урди. "Иш Плюс" дея ном олган портал орқали минглаб ногиронлиги бор шахслар иш билан тўлиқ таъминланиши кўзда тутиляпти.

Мазкур лойиҳа БМТнинг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимини яхшилаш қўшма дастурининг кичик миқёсли грант кўмаги асосида амалга ошмоқда. Бу ерда фаолият юритаётганларнинг ўзлари ҳам ногиронлиги бор шахслардир.

Жорий йил 24 июнь санасида ногиронлиги бўлган шахсларни очиқ меҳнат бозорида муносиб иш билан таъминлаш учун махсус рекрутинг веб-портали www.ishplus.uz расман фаолиятини бошлайди.

P/S: Бу портал натижа бериб, иш билан таъминлаш даражаси тезда ўзгарса, бу фақат ва фақат фойда. Кўрамиз ва кузатамиз...

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
05.07.2021 12:22
Ногирон аммо ногиронлик олишда жуда куп тусиклар учраяпган йигит кизлар анча мунча корупция авж олганлигидан ногиронлик хам ололмайди иш хам тополмайди бунга кандай муносабат билдирасиз уз кузларим билан гувох булганман иложсиз инсонларша ердам кулини чузайлик биринчи навбатда