Бешта ҳоким ўзгарди, аммо битта музей қуриб бермади

10.06.2021 20:55

Оддий тарих ўқитувчисининг уйида уч мингдан зиёд тарихий, ноёб топилмалар сақланяпти. Уларнинг орасида Чингизхон даврига тегишли қимматли экспонатлар ҳам бор

Бу ноёб экспонатлар агар қайсидир мамлакатда бўлса, тарихий аҳамияти ва даврийлигига қараб катта маданий мерос сифатида ҳимояга олиниши аниқ. Коллекционерларга сотмаган, моддий манфаатдорликка учмаган, шу халқ учун қолсин, дея жон куйдираётган инсонни эса шарафга буркаган бўлар эди. 

Аммо бизда, Ўзбекистонда-чи?   

***

Бекобод туманида яшовчи 75 ёшли Даврон Жўраев ўз уйининг 3 та хонасида антиқа музей ташкил қилган. Унинг 50 йиллик изланишлари натижаси бўлган музейда ҳозирда уч мингдан зиёд тарихий топилма бор. 

Музейнинг раҳбари ҳам, экскурсоводию, қоровули ҳам Даврон Жўраевнинг ўзи! Муҳими, унинг эшиги ҳамиша очиқ ва бепул.

Мазкур музейга қўшни давлатлар: Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистондан ҳам қизиқувчилар келиб туради.

Музейдаги ноёб топилмалар жуда кўп. Улардан бири – Чингизхон яшаган даврга оид мўғул-татар ўқ-ёйлари. 

“Мазкур ўқ-ёйлар 800 йиллик тарихга эга. Россиялик археологлар бу турдаги ўқ-ёйларнинг 47 турини тадқиқ қилган. Айни дамда улар юртимиздаги ноёб топилмалар сирасига киради”, – дейди, Қарши давлат университетининг Жаҳон тарихи кафедераси доценти Нилуфар Ражабова.

Бу ҳақда Даврон Жўраевнинг ўзи шундай дейди:

"Тарихий манбаларга кўра, 1219 йилда Чингизхон Шоҳрухияни вайрон қилиб, Хўжандга ўтиб кетаётганда Бекободда тўхтаган. 

Далварзинликлар истилочиларга қаттиқ қаршилик кўрсатиб, жанг қилади, лекин кучлар тенг бўлмаганидан Чингиз аскарларининг қўли баланд келади. Ўша вақтдан қолган мўғул ва далварзинликлар ўқ-ёйларининг 50 дан ортиқ турини топганман. Улар бирдан топилмаган. 30, 40 йиллар изланишлар натижаси бу ўқ-ёйлар. Ўқувчиларимни тарихга қизиқтириш мақсадида, қазилма ишларига уларни ҳам олиб чиқардим. Бу осори-атиқаларни топилишида уларнинг ҳам ҳиссаси бор”.

Бундан ташқари музейда Амир Темур давридаги тангалар-у, 120 дан ортиқ давлат пул бирликларигача, эрамиздан аввалги кўзалардан тортиб, турли этник топилмаларгача мужассам. 

Қадимги либослар, Сомонийлар даври тангалари, Жазоир мўъжизавий атиргули ҳам шу ерда. 

Узоқ йиллар мактабда тарих фани ўқитувчиси бўлган Даврон Жўраев уларни анча машаққат билан излаб топганини айтади. Шуниндек, у кўп йиллар Бекобод ўтмишини тадқиқ қилган.

Даврон отанинг айтишича, бу ҳудуд кўп йиллик тарихга эга. Қадимда унинг номи Далварзин работ бўлиб, 9 та йирик қишлоқнинг маркази айнан шу ер бўлган. Ўтмишда бу ердан Буюк ипак йўлининг бир қисми ўтган экан.

Ҳудуд, айниқса, Сомонийлар даврида ўзининг иқтисодий, сиёсий, маданий тараққиётига эришган. Даврон Жўраевнинг ягона орзуси – ана шу қадим Бекобод тарихини келажак авлодга қолдириш. У Бекобод марказида ҳудуднинг бой ўтмишини ўзида акс эттирувчи ўлкашунослик музейи бўлишини хоҳлайди.

Шу мақсадда бир неча йилдан буён Бекобод туман ҳокимиятига музей ташкил қилиш масаласида мурожаат қилади. Аммо ёши 80 га қараб кетаётган Даврон отанинг бу мурожаатлари 5 йилдирки, натижасиз қолмоқда.

– Бекободда сўнги йиллар бир неча марта ҳоким алмашди, – дейди Даврон ота. – Ҳар бирига бир неча бор музей масаласида таклиф киритиб бордим. Туман Халқ қабулхонасига ҳам қайта-қайта мурожаат қилдим, бироқ ҳамон вазият ўша: музей қиламиз, дейишади, аммо натижадан дарак йўқ.

Шу кунгача кўплаб коллекционерлар Даврон Жўраевдан осори-атиқаларни сотишини сўраган, лекин у таклифларни  рад этиб келмоқда. Бобонинг фикрича, бу топилмалар бекободликларга мерос. Улар шу ерлик аҳолининг маънавияти учун хизмат қилиши керак.

Тарихий топилмалар ортидан бойликка эришмоқчи бўлган ёки улар орқали моддий манфаат илинжида давлатга мурожаат қилувчилар ҳақида эшитиб қоламиз.  Бироқ улардан фарқли равишда Даврон Жўраевга ҳеч қандай моддий манфаат керак эмас. 

Топилмаларни ўз фарзандларим деб атовчи бу одам, шунчаки уларнинг кейинги тақдири ҳам Бекобод билан боғланишини хоҳлайди холос...

Мафтуна КАРИМОВА

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
30.05.2022 18:16
Muzey qurmaytita
14.06.2021 08:14
Хокимларга музей эмас сока керак