Хавфли учбурчак: АҚШнинг чиқиб кетишидан кейинги Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон

19.05.2021 13:31

Сентябрь ойида охирги Америка аскарлари Афғонистонни тарк этгач, Ҳиндистон ва Покистон жуда қийин саволлар остида қолади.

Президент Жо Байден ўтган ойда Афғонистондаги АҚШ қўшинлари жорий йилнинг сентябрь ойига қадар Афғонистонни тарк этишини эълон қилган эди.

«Минглаб қўшинларни бир мамлакатда ва миллиардларга (сарфланган доллар) сақлаб қолиш ҳар йили менга ва раҳбарларимиз учун мантиқсиз», – дея сўзини изоҳлаган Байден. – Мен ҳозир Афғонистонда Америка қўшинларини бошқараётган тўртинчи Америка президентиман. Икки республикачи, икки демократ. Мен бу масъулиятни бешинчисига юкламайман».

Халқаро ҳамжамият айниқса, АҚШ Покистонни Афғонистондаги жангари гуруҳларни, шу жумладан афғон Толибонини қўллаб-қувватлашда айбламоқда, бу Вашингтоннинг уруш ҳаракатларига маълум даражада путур етказган.

2018 йилда АҚШ Президенти Доналд Трамп ўз твиттерида Вашингтон сўнгги 15 йил ичида Покистонга 33 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги ёрдамни берганини таъкидлаган. Аммо Исломобод «бунинг эвазига биз Афғонистонда ов қилган террористларга хавфсиз бошпана бердик» дея жавоб қайтарган. Афғонистондаги сиёсатини баён қилган бошқа бир нутқида Трамп Покистонни алоҳида таъкидлаб, «АҚШ Покистоннинг террористик ташкилотлар учун хавфсиз жойлари тўғрисидаги баёнотига жим қараб тура олмайди» деди.

2018 йилда Трамп Толибон билан Афғонистондаги 18 йиллик урушни тугатишга қаратилган музокараларни бошлади. «Доҳа келишуви» деб номланувчи мазкур шартнома АҚШ ва Толибон ўртасида 2020 йил бошида имзоланган бўлиб, у 14 ой ичида Афғонистондан халқаро қўшинларни олиб чиқиш бўйича режасини таклиф қилди.

Покистон Толибонни АҚШ билан келишувни имзолашга мажбур қилишда ҳам муҳим роль ўйнади.

Покистон Афғонистон билан 2670 километрлик чегарага эга. Тоғли чегара минтақаси азалдан кўплаб жангари гуруҳлар, жумладан афғон толиблари учун хавфсиз бошпана бўлиб келган. 1990 йилларнинг бошларидан бошлаб Покистон Афғонистондаги Толибонни қўллаб, минтақавий хавфсизлик манфаатларини илгари суришга ҳаракат қилди. Покистон Толибон ҳукумати Кобулда ҳокимият тепасига келганда дипломатик муносабатлар ўрнатган кам сонли давлатлардан бири эди.

2001 йилда АҚШнинг Афғонистонга бостириб кириши Толибонни ҳокимиятдан кетишга мажбур қилган бўлсада, улар ҳокимиятга яна қайтиш учун курашмоқда. Покистон ҳар доим ҳар қандай халқаро реакцияларга қарамай Толибонни қўллаб-қувватлаган.

Покистоннинг Афғонистондаги жангариларни қўллаб-қувватлаши ташқи сиёсатдаги имижини тушириб юборди. Покистон Афғонистондаги вазиятнинг ечими бўлиш ўрнига ўзи ҳам муаммонинг бир қисмига айланиб қолди. Аммо айтиш мумкинки, АҚШ кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши Покистонга Афғонистонда минтақавий ҳамкорликни рағбатлантиришда муҳим роль ўйнаб, халқаро обрўсини қайта йўналтириш имкониятини беради.

Уч йил аввал тинчлик музокаралари бошланганидан бери Покистон воситачи сифатида роль ўйнаб яхши обрўга эга бўлди. Бироқ, Исломобод томонидан қилинган ушбу ҳаракат мамлакатнинг гуруҳга таъсир доирасини ҳам намоён қилган. Хабарларга кўра, Покистон Толибонга давом этаётган тинчлик жараёнида мослашувчанликни намоён қилмаса, гуруҳ яқинда ўз қўллаб-қувватлашидан маҳрум бўлиши мумкин.

Афғонистондаги кутилаётган беқарорлик мамлакат учун хавфсизликнинг каттароқ бош оғриғига айланса, тинчлик жараёнидаги Покистоннинг роли аҳамиятсиз бўлиб қолиши мумкин. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилиши нафақат Афғонистондаги беқарорликнинг кучайишини таъминлайди, балки Покистон учун ҳам хавфли бўлиши мумкин.

– Афғонистондаги беқарорликнинг кучайиши қочқинлар оқимининг, гиёҳванд моддалар савдоси, трансчегаравий терроризм хавфи кучайишига олиб келади. Покистон буни истамайди, – дейди Вашингтондаги Уилсон марказининг таҳлилчиси, дипломат Майкл Кугелман. – Покистон учун яна бир муҳим ташвиш шундаки, Толибоннинг илгарилаши ва Афғонистонни эгаллаши - Покистондаги исломий террорчиларни, ва аллақачон қайта тикланган Покистон толибларини гальванизациялаши мумкин. Бу Исломобод учун жуда муаммоли сценарий бўлади.

«Покистон турли жангари гуруҳлар яшириниши учун макон бўлишини ҳисобга олганда Афғонистондаги ҳар қандай фуқаролик уруши (АҚШ чиқиб кетгандан кейин) Покистон учун даҳшатли бўлади», дейди Кугелманнинг фикрларини қўллаб-қувватлаган Ҳасан Аббос

Айни пайтда афғон кучлари АҚШ кучларисиз Толибонни ушлаб тура олмасликдан хавотирда. Трампнинг Оқ уйдаги даврида тайёрланган махфий разведка агентликларининг таҳлилига кўра, агар АҚШ Афғонистондаги урушаётган гуруҳлар ўртасида келишувини таъминламай, тарк этса, икки-уч йил ичида бу жараён Толибон томонидан амалга оширилиши мумкин.

Агар тинчлик жараёни давом этмаса, Покистон толибларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўн йиллик сиёсатига қайтишга мажбур бўлади. Покистон иқтисодий жиҳатдан қийинчиликни бошдан кечиришига ва ўз заминида террорчиликка қарши курашишига қарамай, Толибонни қўллаб-қувватлашни давом эттириши ажабланарли. Покистоннинг Афғонистондаги асосий мақсадларидан бири Афғонистон Толибони ва «Ҳаққоний тармоғи» каби жангари гуруҳлар ёрдамида Ҳиндистонни таъсир кўрсатиш эди.

«АҚШнинг чиқиб кетишидан сўнг, Афғонистондаги Исломободнинг роли тинчлик жараёни мақомига боғлиқ бўлади. Тинчлик жараёни ҳали ҳам давом этаётган экан, Покистон уни қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келганича ҳаракат қилади. Чунки тугамайдиган уруш Покистонда исталмаган оқибатларга олиб келиши мумкин», – деди Кугелман.

«Агар тинчлик жараёни барбод бўлса, Покистон ва бошқа минтақавий иштирокчилар ишончли вакилларнинг ваколатига қайтади. Исломобод Ҳиндистон ва Эрон каби гуруҳлар қўллаб-қувватлаган рақиб гуруҳларга қарши устунликни таъминлаш учун Толибонни қўллаб-қувватлашга мажбур бўлади», дея қўшимча қилди у.

Ушбу сценарий Ҳиндистоннинг Афғонистон ва бошқа жойлардаги сиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий манфаатларига бевосита таҳдид солади. Ҳиндистон ўз манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда Афғонистондаги сиёсатини, хусусан толиблар билан муносабатларини шакллантириши керак. Ҳиндистон азалдан толиблардан узоқлашиб, Кобул ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келади. Толибон режими қулаганидан кейин муваққат ҳукумат тузилишига йўл очиб берган 2001 йилги Бонн конференциясидан то ҳозирги кунгача Ҳиндистон кетма-кет Афғонистон ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилиш сиёсатини давом эттирди. 1990 йилларда Деҳли Толибонга қарши Шимолий альянсни қўллаб-қувватлади ва Толибоннинг ҳокимиятга қайтишига ҳар қандай шаклда доимий равишда қарши чиқди.

Аммо АҚШнинг чиқиб кетиши – Толибоннинг кучайишини, Кобул билан музокараларда устунликни таъминлайди.

Афғонистондаги ўзгарувчан динамика шуни кўрсатадики, Деҳли Толибон билан музокаралар бошлаш ҳақида ўйлаши мумкин. Ўтган йили Афғонистондаги музокараларда нутқ сўзлаган Ҳиндистон ташқи ишлар вазири С.Жайшанкар ўз мамлакатининг Афғонистон бошчилигидаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. Аммо Толибон ҳақида фикр билдирмади.

Ҳиндистоннинг Толибон билан алоқаси охир-оқибат Қўшма Штатлар манфаатларига ҳам хизмат қилиши мумкин. Ўтган йили АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Ҳиндистонни афғон Толибони билан шуғулланишга ва терроризм билан боғлиқ хавотирларини бевосита муҳокама қилишга чақирди.

Айни пайтда Ҳиндистон Кобулдаги Толибон ҳукуматини қўллаб-қувватламаслигини қатъиян таъкидламоқда.

Ҳиндистон ҳукумати зўравонликларнинг кучайиши ва Покистонпараст толибларнинг Кобулга қайтиш эҳтимоли ҳақида ташвишланаётган бўлсада, мамлакат Толибонни жалб қилиш масаласида ҳали қарор қабул қилмаган.

«Ҳиндистон ҳукумати Покистоннинг афғон толиблари билан яқин алоқаларини ҳисобга олган ҳолда, Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш Афғонистоннинг келажагига салбий таъсир қилишдан хавотирда», - дейди АҚШ Ҳарбий академияси профессори Амира Жадун.

Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон учун бу ерда ҳам имконият топилади. «Покистоннинг афғон Толибонига таъсири ўтган йиллар давомида сусайганига далиллар мавжуд, чунки афғон толиблари янги ҳомийларни қидириб топди, қўллаб-қувватлаш манбаларини диверсификация қилди ва ҳудудий назоратни қўлга киритди», деди Жадун.

«Агар Афғонистондаги ҳокимиятни тақсимлаш тартиби муваффақиятли бўлса, демак, Ҳиндистонга Афғонистон билан сиёсий ва дипломатик алоқаларини қайта тиклаш имкониятини бериши мумкин», дея қўшимча қилди Жадун.

Афғон толиблари Ҳиндистон билан яқинлашишининг учта эҳтимолий сабаби бор:

Биринчидан, Ҳиндистоннинг Толибон билан алоқаси гуруҳга катта сиёсий ва дипломатик қонунийликни тақдим этади.

Иккинчидан, у халқаро алоқаларини янада диверсификация қилади.

Учинчидан, бу ташкилотнинг мустақиллигини қўллаб-қувватлайди ва Покистоннинг қўллаб-қувватлаши ёки талабларига камроқ ишонади.

«Афғонистоннинг энг қудратли нодавлат иштирокчиси билан алоқаларни ўрнатиш Деҳлини Афғонистондаги манфаатларига йўл очиши мумкин», деди Ҳасан Аббос.

Яъни Деҳли олдида узоқ йўл бор. Эҳтимол, Покистон ҳиндларнинг афғон толиблари билан бўлган ҳар қандай алоқаларига қарши чиқиши ва путур етказиши мумкин. Ушбу ўта беқарор ва ноаниқ вазият сабаб Афғонистонда Ҳиндистон ва Покистон тўқнашиш эҳтимоли катта.

АҚШ чиқиб кетганидан кейин тинчлик жараёни барбод бўлса, Ҳиндистон Шимолий альянс каби толибларга қарши бўлинмаларни қўллаб-қувватлаш орқали эски сиёсатига қайтиши керак», – дейди Кугелман.

«Ҳиндистон Афғонистонни қайта қуришга катта сармоя киритди ва уни бекор қилишга йўл қўймайди», – деди Кугелманнинг фикрларини қўллаб-қувватлаган Ҳасан Аббос

Демак, икки тараф ҳамкорларини қўллаб-қувватлаш учун кураш олиб боради. Натижада эса Афғонистонда Ҳиндистон – Покистон урушининг вужудга келишига олиб келади. Бу эса афғонлар учун даҳшатли бўлади.

Умаир Жамал, халқаро сиёсатчи

Манба: The Diplomat

Сардор ПОЁНОВ таржимаси

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар