Ўзбекистон ташқи сиёсатида "портлаш эффекти" кузатилмоқда

16.05.2021 08:27

"Ўзбекистон Республикаси Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотирда эканлигини билдиради.

Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз.

Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ҳамда «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида ҳал этилиши лозим".

Бу – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Қуддусдаги вазият бўйича берган баёноти.

Мазкур баёнот Ўзбекистон ташқи сиёсатида юз берган ўзига хос янгилик бўлди дейишимиз мумкин.

Авваллари ташқи ишлар вазирлиги жаҳондаги муҳим вазиятлар бўйича бу каби лўнда, халқнинг қалбига яқин ва ёрқин позицияларимиз акс этган баёнотларни камдан кам берар эди. Мисол учун, Қримни Россия босиб олганда берилган баёнот шу қадар мавҳум, шу қадар силлиқ ва шу қадар тушунарсиз чиққан эдики, уни яхшиси бермаса ҳам бўлар эди. Ёки Тоғли Қорабоғ бўйича ҳам жуда кўп йиллар сукут сақлаб келинди. 

Ташқи сиёсатда мен сенга тегмай, сен ҳам мен билан ишинг бўлмасин қабилидаги ўзини ўзи яккалашга ўхшаш бир сиёсат олиб борилди. 

Аммо март ойи охирида ўтказилган Туркий Кенгаш саммитида Ўзбекистон Раҳбари бу бўйича ҳам мисли кўрилмаган тарихий баёнот билан чиқди ва Озарбайжон томонидан тарихий адолат тиклангани билан қутлаб, Тоғли Қорабоғдаги тиклаш ишларига расмий Тошкент кўмак кўрсатишга тайёрлигини ҳам билдирди. 

Бу бўйича гарчи анъанавий ҳамкор давлат Арманистон раҳбарияти норози бўлишини билса-да, қардошлик бирлигини баралла эълон қила олди. 

Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги қирғинда ҳам айнан Ўзбекистон етакчисининг икки қўшни мамлакат Президентлари билан жуда тезкор телефон орқали мулоқоти ва можаролашаётган томонларни тинчлик жараёнига торта олгани муаммони тезда барҳам топишида ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнади. 

Аслида Шавкат Мирзиёевнинг “телефон дипломатияси” алоҳида ўрганишга молик мавзудир. Зеро, у давлат раҳбаримиз томонидан пандемия бошланмасидан ҳам аввалроқ бошланган мулоқот услуби эди ва шу мураккаб ҳамда синовли кунларда, ўзаро борди келдилар чекланиб қолган шароитда ниҳоятда қўл келди. 

Туркманистон Президентининг отаси қазоси муносабати билан самимий ҳамдардлик изҳор этиш ва марҳумнинг руҳини шод этиш мақсадида Ўзбекистон Президентининг Ашхободга амалий ташрифи ва ифторлик дастурхонида иштироки ҳам мисли кўрилмаган ташқи сиёсий сакраш бўлди, дейиш мумкин. Каримовнинг “советча шляпаси” дўппига айланиб, миллий етакчимиз тимсолида ниҳоятда ажойиб ғурурбахш этадиган ҳодисага айланиб кетди. Ижтимоий тармоқларда “таъзия дипломатияси” бир четда қолиб, давлат раҳбарининг миллий дўпписи нечоғли ярашиқли ва протоколга киритса арзирли янгилик сифатида кенг баҳолар берилди. 

Қуддус масаласидаги ёндашув эса эндиликда Ўзбекистоннинг ўз ташқи сиёсат курси фаол амалий тус олаётгани яққол кўрсатмоқда ва ўз манфаатлари нимадан иборат эканлигини халқаро жамоатчиликка очиқ айтишдан чўчимаяпти. Бу менга президентлик сайловлари ўтаётган йилда ташқи сиёсат бобида “катта сакрашдай” туюлаяпти.

Бинобарин, Исроил давлати Фаластин халқига жабру зулмни ниҳоятда оширди ва муборак Рамазон кунларида бемалол масжидга бостириб кириб, ибодат қилаётган мусулмонларни кўчага ҳайдаб чиқарди. Бунинг учун қуролдан фойдаланишдан ҳам тап тортиб ўтиргани йўқ. Лекин эътиборли томони, умматга нисбатан шундай ваҳшийлик ва тажовузкорлик бўлиб турганда 50дан ортиқ мусулмон давлатларининг жуда кам сонли мамлакатларигина бунга муносабат билдирди холос. 

Бу баёнотнинг яқинда Президент матбуот котиби этиб тайинланган Шерзод Асадовнинг ўтган бир ҳафталиклар таҳлили ва бўлажак бир ҳафта режалари ҳақидаги матбуот анжуманлари эфирга кета бошлаган охирги ҳафталарда эълон қилингани эса Ўзбекистоннинг халқаро майдонга очилиб бораётганини яна бир карра тасдиқлайди. 

Шерали ОТАБОЕВ,
журналист

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
16.05.2021 18:19
Муносабатга гап йўқ!
16.05.2021 16:38
Муносабатга гап йўқ!