COVID – 19 даврида оғир таназзулга юз тутаётган давлатлар

16.04.2021 06:57

2020 йилда бутун дунё иқтисодий инқирозга учради. Пандемия баъзи давлатларнинг ижтимоий аҳволини янада оғир аҳволга солиб қўйди.

2021 йилда Фавқулодда кузатувчилар тахминларига кўра, қуйидаги давлатлар оғир ижтимоий, иқтисодий инқирозга учраши мумкин.

Энг кучли инқирозга учраётган ўнталик рўйхати қуйидагича:

10. Мозамбик жанубий – шарқий Африканинг соҳилидаги давлат 31,3 миллион аҳолининг 1,3 миллиони ёрдамга муҳтож инсонлардан иборат.

Ички низолар, Шимолий Кабо – Делгадо вилоятида шиддат билан авж олаётган можаро оқибатида сўнгги йилда эҳтиёжмандлар сони икки бараварга ошган. Бунинг ортидан Мозамбик энг хавфли мамлакатларнинг ўнталигига кирди.

Иқлим ўзгариши, можаро ва айниқса COVID – 19 тирикчиликка зарар етказишда давом этар экан 2021 йилда очлик даражасининг кўтарилиш хавфи янада ошмоқда.

9. Венесуэла Жанубий Американинг шимолидаги давлат. 28,7 миллион аҳолининг 7 миллиони ёрдамга муҳтож одамлардир. Венесуэлада нефть саноатининг қулаши барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш тизимини издан чиқарган. Шунингдек, COVID – 19 кўп йиллик иқтисодий инқирозни бирлаштирди. Карантин чекловлари венесуэлаликларнинг тирикчилик қилишини қийинлаштирди, хавфсизлик ва хизматларга мурожаат этиш учун мамлакатни тарк этолмайдиган ҳолга солиб қўйди. Пандемия иқтисодий ва очлик инқирозини кучайтирмоқда.

Мамлакат оналар ва болалар соғлигини сақлаш, аҳолини озиқ – овқат маҳсулотлари билан таъминлашда катта қийинчиликларга дуч келмоқда.

8. Нигерия Ғарбий Африкада Гвинея қўлтиғи соҳилида жойлашган давлат. 206,1 миллион аҳолининг 8,9 миллионини ёрдамга муҳтожлар ташкил этади.

Нигериянинг шимоли – шарқида зўравонлик ўсиб бормоқда, бу эса ижтимоий эҳтиёжларни келтириб чиқармоқда, табиийки, бундай жараёнда гуманитар ёрдам ҳаракатлари ҳам қисқаради. Ундан ташқари CОВИД - 19 хавфи Нигерияда очарчилик хавфини кучайтирмоқда.

7. Жанубий Судан шарқий Африкадаги мамлакат. 11,2 миллион аҳолининг 7,5 миллионини ёрдамга муҳтож инсонлардан иборат.

Мамлакатда ички низолар кучайиши оқибатида оддий фуқаролар қийналишмоқда. Доимий можаро, қишлоқ хўжалигига зиён етказаётган чўл чигирткалар тўдалари, иқтисодий инқироз, сув тошқинлари ва CОВИД-19 2021 йилдаги очарчилик хавфини янада оширмоқда.

Мамлакатда тиббиёт ходимларини ўқитиш, санитария хизматлари, болаларни ҳимоя қилиш хизматлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳалари инқирозга юз тутиб бормоқда.

6. Буркина-Фасо ғарбий Африкадаги давлат. 20,9 миллион аҳолининг 3,5 миллиони ёрдамга муҳтож.

Борган сари аҳолининг кўп қисми мамлакатни тарк этмоқда. Ҳозирги вақтда Буркина – Фасодан 1 миллиондан ортиқ одам кўчиб чиққан бўлиб, 2020 йилга нисбатан икки баравар кўпдир. Бораётган можаро инсонпарварлик эҳтиёжининг кескин ўсишига ва COVID-19 инқирозининг иқтисодий таъсири билан очлик хавфига олиб келади.

5. Эфиопия шимолий – шарқий Африкадаги давлат. 115 миллион аҳолисининг 21,3 миллионини эҳтиёжмандлар ташкил этади. Об-ҳавонинг ўзгариши, чигиртка эпидемияси ва коронавирус пандемияси муҳтожлар сонининг кўплиги бўйича дунёда иккинчи поғонага кўтарилди. Натижада 2021 йилда Эфиопия муҳтожларнинг умумий сони бўйича Ямандан кейин иккинчи ўринга чиқиб олмоқда.

4. Конго Демократик Республикаси Марказий Африкада жойлашган давлат. 89,6 миллион аҳолига эга бўлиб, 19,6 миллион киши ёрдамга муҳтожлар қаторида.

Ҳеч бир мамлакатда бўлмаган очлик ҳолати КДРда кузатилмоқда. Уч йилдан буён фавқулодда кузатув рўйхатининг бешталигига кирган. Шунингдек, КДР COVID – 19 билан бирга Эбола касаллигига қарши курашишга мажбур.

Конго шарқидаги маҳаллий қуролли гуруҳлар, табиий ресурсларни назорат қилиш учун кураш олиб бориши оддий аҳолига энг катта хавф туғдирмоқда.

3. Сурия жанубий – ғарбий Осиёдаги давлат. 17,5 миллион аҳолининг 13 миллиони ёрдамга муҳтож. COVID – 19 ўн йил олдин бошланган можаролар қатори мамлакатга катта зиён етказди. Тинимсиз қуролли жанглар оқибатида соғлиқни сақлаш тизими йўқ бўлди. Бу пандемия даврида вазиятни янада оғирлаштирди.

2. Афғонистон жануби-ғарбий Осиёнинг энг чекка шарқий қисмида жойлашган мамлакат. Географик ўрнига биноан Яқин Шарқ мамлакатлари қаторига ҳам киритилади. 38,9 миллион аҳолисининг 18,4 миллиони ёрдамга муҳтожлар.

Афғонистон зиддиятлар, COVID – 19 ва иқлим ўзгариши таҳликаларига юқори таъсир кўрсатиши, шунингдек ҳукумат ва Толибон ўртасида тўхтаб қолган тинчлик жараёни борасидаги ноаниқлик туфайли Фавқулодда вазиятларни кузатувчилар рўйхатининг иккинчи қаторидан жой олган.

Қирқ йиллик инқирозлардан сўнг ҳам, пандемия ва тўхтовсиз зўравонлик шароитида Афғонистондаги инсонпарварлик эҳтиёжлари тез суръатларда ўсиб бормоқда, 2021 йилга ёрдамга муҳтож одамлар сони 2020 йил бошига нисбатан қарийб икки баравар кўпайди.

1. Яман Арабистон ярим оролнинг жанубий қисмидаги давлат. 29,8 миллион аҳолининг 24,3 миллиони ёрдамга муҳтож инсонлар. Яман уч йилдан бери Фавқулодда вазиятларни кузатувчилар рўйхатида биринчи ўринда турибди. Яманликлар COVID – 19дан кўра очарчиликдан кўпроқ қўрқишини айтишади.

Тўхтаб қолган тинчлик саъй-ҳаракатлари ва нефть конларини бошқариш учун рақобат Яманни можарони авж олиш хавфи остига қўйди. 2015 йилдан буён ҳаво ҳужумларида ўлимнинг 40 фоизи аҳоли яшаш жойларида содир бўлган.

Сардор ПОЁНОВ тайёрлади

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар