Ўзбекистонда ёғ савдоси монопол ташкилотлар қўлидами ёхуд ёғнинг нархи нега ошди?

14.04.2021 11:42 - 1831

Rost24.uz мухбири сабабларини ўрганди

Шу кунларда ёғ нархининг кескин ошиши фуқароларимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Rost24.uz ахборот сайти мухбири пойтахт бозорларини кузатиб, сабабларини ўрганди.

Ўзбекистонда ёғ маҳсулотлари нархи нега кескин кўтарилмоқда? Нега чет элдан арзон келтирилган маҳсулот қиммат нархда сотилмоқда? Юртимизнинг ўзида ишлаб чиқарилаётган пахта ёғининг нархи нима учун ошди? Нарх-наво мувозанатини сақлаш учун нима қилиш керак, нималар қилинмоқда? Ёғ маҳсулотлари савдоси ҳам монопол ташкилотлар қўлидами? Монополияга қарши курашиш қўмитаси изоҳи ҳақиқатга яқинми? Шу каби саволларга жавоб изланди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари Иномжон Тоғаев ҳам бунга ойдинлик киритди.

— Аҳолимизга қулай бўлиши учун ёғни арзонлаштириб сотиб зарарини давлат томонидан субсидия тарзида қоплаб бериш бу вақтинчалик чора. Чунки давлат ҳар доим ҳам ўзининг чўнтагидан қоплаб беролмайди, – деди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари Иномжон Тоғаев. – Бугунги кунда айрим ёғ маҳсулотлари 34 фоизгача кўтарилган. Бу ҳолатда ваколатли давлат органлари, Антимонополия қўмитаси мазкур масалада изоҳ берди. Бу аҳолида хориждан импорт қилинаётган маҳсулотлардаги пандемия шароити туфайли хом-ашё маҳсулотларининг таннархи кўтарилгани билан изоҳланади. Ўзбекистон шароитида бугунги кунда ички бозоримиз тўлиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўйинтира олиш қобилиятига эга эмас. Шунинг учун ҳам бу маҳсулотлар импорт қилинади. Лекин танганинг иккинчи тарафи борки, шу кунга қадар республика ҳудудига келтирилган айрим маҳсулотлар «хорижда кўтарилган», деган гапни эшитиш оқибатида бу ерда сунъий равишда кўтарилиш ҳолатлари кузатиляпти. Аслида улар арзон пайтда кириб келган.

— Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ёғнинг нархи нега ошди?

— Бугунги кунда чакана савдо билан шуғулланувчилар айтишича, кечагина шу ферма шу ёғни мисол учун шартли равишда 20 мингдан олиб келган бўлса, 25 мингдан сотаётганини айтади. Ички маҳсулотларининг ошишига асос йўқ, импорт маҳсулотларини нархи ошганига демак биз ҳам оширишимиз керак деб ўйлашади… Тадбиркор сотган товарига солиқ тўлайди, лекин аҳолини ҳам ўйлаши керак.

— Маълумотларга кўра, Россияда ишлаб чиқарилган 5 литрлик писта ёғи қўшни Қозоғистонда 80 минг сўм, Ўзбекистонда эса 120 минг сўмдан сотилмоқда…

— Бундай вақтда импорт қилувчи ташкилотлар учун ёғ маҳсулотларига нисбатан божларни тушириш керак. Монополия умуман бўлмаслиги керак.

 

Рухсора Ғофурова,

Сирожиддин Ҳошимжонов (видео)

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар