500 млрд. сўмга Шаввозсойни қурган темирйўл — 30 йилда ҳам вагонларини алмаштира олмади...

26.02.2021 14:43 - 5118

ЁХУД КЕЙИНГИ АВЛОД БЎЙНИГА ЮКЛАНАЁТГАН  СОВЕТ ДАВРИ ПОЕЗДЛАРИ 

Журналистга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ мутасаддиларидан қўнғироқ бўлди:

— Поездларнинг аҳволи ҳақидаги мақолани сиз ёзганмисиз?..
— Ҳа, мен ёзгандим...
— Қаердасиз, сизга машина юборамиз.
— Йўқ машина юборишингиз шарт эмас. Мен ҳозир бора олмайман.
— Сизга ўзингиз кўришингиз учун «Тошкент-Қўнғирот» поездимизнинг йўлга чиқишдан аввал қандай тозаланиши ва тайёргарлик кўришини кўрсатмоқчимиз...
— Иложим йўқ, бора олмайман...
— Нега келолмаймиз, мақолангизда чанг босган, кир-чир деб ёзгансиз-ку, асл ҳолатни сизга кўрсатмоқчимиз. (Журналист холис ахборот бериши керак, мазмунида пўписа эшитилди)
— Мени тўғри тушунинг, афсуски, ҳозир бора олмайман, чунки мен ҳозир ўша сизлар айтаётган поезднинг ичидаман...

«Ўзбекистон темир йўллари» мутасаддилари билан деярли шу мазмундаги савол-жавобимиз вагонлардаги ҳақиқий ҳолат аслида сиз айтганчалик эмас, ёзганларингиз асоссиз эканлигини кўрсатамиз, қабилидаги таклифдек туюлди бизга.

***

Rost24.uz ахборот сайтида 22 февраль куни «Тошкент–Қўнғирот» йўналишидаги поезднинг 50-60 йилдан буён ишлатиб келинаётгани, аллақачонлар муддатини ўтаб бўлган вагонлари ва бу вагонлардаги айни пайтдаги манзара ҳақида мақола эълон қилинган эди. «19 йил Раматов бошқарган «Ўзбекистон темир йўллари»нинг бадбўй, кир ва чанг босган вагонларидан репортаж» номли танқидий материалимизда гувоҳ бўлиб тасвирга олганларимиз баён этилганди...

Айрим ташкилотларни умуман тушуниб бўлмайди, ҳамон совет давридаги «комиссия келди» қабилида ишлайди. Ким учундир ёки ҳисобот учунми, вазият яхшиланади.

Матбуот учун махсус тайёрланиш кўзбўямачилик эмасми? Сайтда поезднинг абгор аҳволи тасвирлангани учун «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати таҳририяти журналистдан эмас, алмисоқдан қолган поездларни янгиламаган раҳбариятдан норози бўлиши керак.

Улар аслида ҳолат қандай эканини кўрсатмоқчи бўлиб, журналист ёзганларига гумон қилиб айтган таклифини рад этишга тўғри келди. Чунки ўша пайтда мен айнан вагонлар ёнида туриб, кузатганларимни таҳлил қилиб турганимни айтдим, яъни ўзим айнан вокзалда эдим.

Энди вагонларнинг ҳолатини менга кўрсатишдан нима наф? Ҳақиқий вазият ёритиб бўлинди.

Хуллас, уруш йилларини эслатадиган темир арава эринмай йўлда давом этаркан, биз Нукусдан қайтиш учун яна шу вагондамиз. Бу сафар эса бироз бошқача манзара. «Агентлар» журналистларнинг қайси вагонда ўтирганини топиб келишди. Манзилга етгунимизча, парвона бўлиб, чой дамлаб, хабар олиб туриш давомли бўлди.

Поезд бошлиғи вагонлар ҳолатини кўрсатиб чиқди. Ҳамма ёқ чиннидек эди. Лекин, поезд қанчалар тозаланмасин, у янги бўлиб қолмайди. Тозаловчи ишчилар қанча уринмасин, ўтган асрни 70-йилларини эслатувчи поезд кўриниши ўзгариб қолмайди.

Худди 80 ёшли онахон атлас кўйлак кийиб 16 ёшга ўхшаб қолмагандек, поездни кичик ишчилар меҳнати билан «одам» қилиб бўлмаслиги аниқ.

«Ўзбекистон темир йўллари» вакили телеграм орқали мулоқотда аста-секинлик билан янги поездлар сотилиб олишини билдирди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбарияти ҳам шу поездлари каби имиллаб иш кўрсатади шекилли 30 йил ичида совет иттифоқидан қолган поездларни эксплуатациядан чиқаришга шошилаётгани йўқ. Сабаб шуки, вагонлар оз-мунча пул турмайди.

Буни қарангки, янги вагонлар қимматлигини баҳона қилиб турган вақтда интернет сайтларида «Ўзбекистон темир йўллари»нинг 495 миллиард сўмлик «Шоввозсой» дам олиш мажмуаси борлиги маълум бўлди.

Мамлакатимизнинг узоқ ерларига қатнаётган «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамияти 30 йилда бир вагонга ёлчимаганда ярим триллион сўмлик мажмуани 10 йилда қуриб битказиб қўйишибди.

Бу кунгача «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфида «Назарбек», «Чимён», «Хожикент», «Омонхона» каби дам олиш масканлари борлиги маълум эди.

Акционерлик жамиятининг ишчилари 40 йиллик, бурга босган темир аравага айланиб қолган вагонларда аҳолига хизмат кўрсатгач, «Шоввозсой»дек мажмуада ҳордиқ чиқаришига ким ҳам ишонади?

Нукус чўлларидан тақир-туқир қилиб кетаётган поездда қанча ишчидан суриштирмай, улар юқорида номи келтирилган биронта дам олиш масканида соғлиқларини тиклаганини тасдиқлай олмадилар.

Шунча дам олиш масканига эгалик қилган компания аслида халққа кўпроқ зарур бўлган вагонларнинг донасини 1 миллион АҚШ долларига сотиб ололмаслигига шубҳа қилмаймиз. Биров ғиринг деса, ана «Афросиёб» ва «Шарқ» поездлари борлиги эслатиб қўйилади.

Демак, Совет иттифоқи поездларини истеъмолдан чиқаришни кейинги авлод бўйнига юклаш мумкин. Термиз ва Нукус тарафларга янги поездлар шарт эмас. Балки янги дам олиш масканлари «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамиятига жуда зарурдир.

Компаниянинг бир қатновга 600 минг сўм олиб ишлайдиган ходимлари 495 миллиард сўмлик масканда дам оладими? Шу ўйлар билан манзилга етдик.

Журналистлар яхши кузатиб қўйилди. Танқидий материалдан кейин раҳбарият аҳолининг хизматига зўрға яраётган бадбўй поездларни алмаштириш ўрнига шу ходимларни жазолаган кўринади.

Аслида мақсад ходимларни жазолатиш эмас, фойдаланишга ярамай қолган ўтган аср поездларини янгисига алмаштиришларига эришиш эди!

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
31
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар