РЕЙТИНГ: Жаҳонга тарқалган ўзбек бойларини биласизми?

19.02.2021 07:53

Алишер УСМОНОВ

Россиялик тадбиркор, миллиардер, “USM Holdings” компанияси асосчиси Алишер Усмонов 1953 йилда Наманган вилоятида туғилган. "Forbes" журналининг русча версиясига кўра, Россиядаги энг бой ишбилармонлардан бири, "Sunday Times" рейтингига кўра, Буюк Британиянинг энг бой одамларидан бири, Американинг “Bloomberg Markets” журналида дунёдаги энг нуфузли ишбилармонлардан бири деб эълон қилган, 2020 йил охирида Россиянинг энг яхши 10 та тадбиркорлари рўйхатига киритилган миллиардер Алишер Усмонов дунёдаги хайрия ишлари билан кенг шуғулланадиган бойлардан ҳисобланади. 2021 йил январь ҳолатига кўра унинг бойлиги 16,4 миллиард долларни ташкил этган.

А.Усмонов илк бизнесини 1980 йилда елимқоплар ишлаб чиқарадиган “Агропласт” кооперативига асос солиш билан бошлади.

Бугун у жуда кўп активларга эгалик қилади. Улар ичида Россиядаги энг йирик темир рудаси ишлаб чиқарувчи “Металлинвест холдинг” компанияси, Россиядаги энг катта мобиль алоқа компанияси ҳисобланган “Мегафон”, Англиянинг “Арсенал” футбол командаси бор. Миллиардер шу билан бирга кўплаб интернет-компаниялари, хусусан “Facebook”, “ВКонтакте”, “Одноклассники” ижтимоий тармоқлари, ҳамда “mail.ru” электрон почтаси сервисида ҳам ўз улушига эга.

Искандар МАҲМУДОВ

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик миллиардер Искандар Маҳмудовга Россия фуқаролиги гувоҳномасини президент Владимир Путин топширган.

1963 йилда Бухорода туғилган Искандар Маҳмудов Урал тоғ-металлургия ширкати асосчиси ва президенти ҳисобланади.

"Forbes" журналининг русча версиясига кўра, 2018 йилда умумий бойлиги 7,3 миллиард долларни ташкил этган Искандар Маҳмудов нашрнинг мазкур йилги рейтингида Россиянинг энг бой тадбиркорлари рўйхатида 16 ўринни эгаллади. 2020 йил ҳолатига кўра, миллиардернинг бойлиги 8,27 миллиард долларни ташкил этган.

Искандар Маҳмудов Тошкент Давлат Университетининг шарқшунослик бўлимини тамомлаган ва Яқин Шарқ давлатларида ҳарбий таржимон бўлиб ишлаган.

1990-йиллар бошида Россияга кетиб, тошкентлик машҳур ака-ука Чернойлар билан алюминий бизнесида ҳамкорлик қилгани айтилади.

Айрим маълумотларга кўра, Маҳмудов охирги 10 йилда Россияда хайрия мақсадларига 1 миллиард доллар маблағ сарфлаган.

Миллиардер бизнес карьерасини 1980 йилда йирик пахта компанияси “Узбекингторге”даги фаолияти билан бошлаган. 1996 йилда Оренбург вилоятидаги Тоғ-кон комбинатининг бош директори этиб тайинланди. 1998 йилда Урал тоғ-металлургия компаниясига асос солди. Айни пайтда у Россияда ишлаб чиқарилаётган мис (рангли металл)нинг тенг ярмига эгалик қилади.

Фаттоҳ ШОДИЕВ

Асли ўзбекистонлик бўлган Бельгия фуқароси Фаттоҳ Шодиев 1953 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. Марказий Осиёнинг етакчи ишбилармонлардан бири бўлган Фаттоҳ Шодиев кўплаб Қозоғистон ва халқаро компаниялар эгаси ҳисобланади.

1976 йилда у Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг (МГИМО) халқаро ҳуқуқ факультетини имтиёзли диплом билан тугатди. Кейинчалик у Россия ТИВ Дипломатик Академиясида сиёсий фанлар бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва сиёсий фанлар доктори илмий даражасини олди.

Фаттоҳ Шодиев шериклик асосида ташкил этилган тоғ-кон саноати, қайта ишлаш, энергетика, логистика ва маркетинг соҳалари бўйича интеграциялашган корхоналарга эга табиий ресурсларни ўзлаштириш бўйича етакчи гуруҳлардан саналувчи “ENRC” (Eurasian Natural Resources Corporation) ширкати, Болқон ярим ороли, Замбия ва Жанубий Африкада ферроникель, мис ҳамда кобальт қазиб олиш бўйича активларни бирлаштирган “IMR” (International Mineral Resources) кон металлургия ширкати, “Евроосиё банки” АЖ ва “Евроосиё” суғурта компанияси, “Евроосиё саноат компанияси” эгаларидан ҳисобланади.

1996 йилда ташкил этилган “Халқаро Шодиев фонди” нинг фаолияти Евроосиёда академик ютуқларни, ижодкорликни ва инновацияларни тарғиб қилишга ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Украинада хайрия ёрдамини кўрсатишга қаратилган.

2019 йил ҳолатига кўра миллиардернинг бойлиги 2,1 миллиард долларни ташкил этган.

Мухторали ИБРАГИМОВ

Мухторали Ибрагимов Тошкент вилоятидаги оддий ўзбек деҳқони оиласида туғилиб ўсган. Россиянинг Калининград шаҳрига ҳарбий хизматни ўташ учун келган, кейинчалик шу ерда яшаб қолиб Россия фуқаролигини олган Мухторали бизнесдаги илк фаолиятини кичик ҳажмдаги мебеллар ясаш билан бошлаган.

Отасининг “Ялангаёқ” деган лақаби бўлган миллиардер Калининграддаги “Максик” фабрикасига асос солган. Корхонада ясалган мебеллар Россия, Европа, Осиё мамлакатлари бозорида харидоргир ҳисобланади.

Алижон ИБРАГИМОВ

Александр Машкевич ва Фаттоҳ Шодиевдан иборат СССР олигархлари учлиги аъзоси ҳисобланган Алижон Ибрагимов 1954 йил Фарғона вилоятида туғилган.

Граф номи билан танилган ўзбекистонлик миллионер Алижон Ибрагимов Қозоғистон, Бельгия фуқаролигини олган. У “ENRC” (Eurasian Natural Resources Corporation) ширкати эгаларидан бири, Евроосиё банки президенти ҳисобланади.

2020 йил ҳолатига кўра, миллионернинг активлари қиймати 900 миллион долларни ташкил этиб, "Forbes" журналининг русча версиясига кўра Қозоғистон бойлари рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаган.

Алижон Ибрагимов 2021 йилнинг 3 февраль куни Бельгияда вафот этди.

Аъзам АСЛАНОВ

Индонезиянинг рангли металл рудаларини қазиб олишга ихтисослашган “Trans Asia Resources” компанияси президенти Аъзам Асланов Ўзбекистонда туғилган. Аслановлар оиласи қарийб 15 йилдан ортиқ вақтдан буён Ўзбекистонда яшамайди.

Ўзбекистонда “нефьт магнат”ларидан бири деб тан олинган миллиардернинг фаолияти аслида айнан нефьт билан боғлиқ эмас. Умуман олганда, асли ўзбекистонлик бўлган ушбу бой ва унинг оиласи ҳақидаги маълумотлар омма эътиборидан беркитилган. Аъзам Аслановнинг ўғли Омоннинг ижтимоий тармоқдарда тарқалган никоҳ оқшоми дабдабаси бутун МДҲ давлатларида ўтказилган энг қиммат тўйлардан бўлиб, кўплаб шов-шувларга сабаб бўлди. Тўй дабдабаси учун Украинанинг Қримдаги “Айвазов” пансионати ҳудудида Самарқанд шаҳри мажмуаси андозаси яратилган. Маросимни ўтказилиши учун сарфланган маблағ 10-15 миллион доллар деб қайд этган “Сегодня” нашри, ушбу маросимни “Йилнинг энг қиммат никоҳ тўйи” деб атаган.

Аъзам Асланов 2019 йилда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини такомиллаштириш учун 300 миллион доллар инвестиция жалб қилишини маълум қилган эди.

Улуғбек МАКСУМОВ

Улуғбек Максумов 1979 йил Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. 2001 йилда Фарғона давлат университетининг инглиз тили филологияси факультетини тамомлаган Улуғбек Ўзбекистоннинг прокуратура органларида терговчи лавозимида ишлаган. 2006 йил БААнинг Дубай шаҳрига кўчиб келиб, бу ердаги ўз бизнесини логистика соҳасидаги фаолият билан бошлаган.

2008 йилда Рас-ал-Ҳайма амирлигида “Inkas Group DMCC” компаниясига асос солди. Компания таркибидаги “Gulf Auto Trading FZE” ҳашаматли автомобилларни сотишга ихтисослашган эди.

2012 йилда компания ҳарбий ва зирҳли транспорт воситаларини ишлаб чиқарадиган "Inkas Vehicles" МЧЖга ўзгартирилди. Корхона ўз йўналиши бўйича Дубайдаги энг йирик завод ҳисобланади. Айни пайтда мазкур корхона томонидан йилига ўртача 800 та зирҳли ҳарбий автомобил тайёрланмоқда.

Википедия маълумотларига кўра, Дубайдаги энг бой ўзбеклардан бўлган Улуғбек Максумовнинг умумий бойлиги 100 миллион долларни ташкил этади.

Азиз АҲМЕДОВ

Тошкент шаҳрида туғилиб ўсган Азиз Аҳмедов икки хил мутахассислик муҳандислик ва ҳуқуқшунослик бўйича олий маълумотга эга. Илк бизнесини Тошкентда бошлаган бўлажак миллионер пойтахтдаги дўконлар тармоқларидан бирига эгалик қилган.

2011 йилда БААнинг Дубай шаҳрига кўчиб келган Азизга шаҳардаги “Astarta FZC” йирик ун заводи қурилиши ва ишга туширилишига раҳбарлик қилиш таклифи билдирилди. Ҳозирда Азиз Аҳмедов йиллик айланмаси 25 миллион доллар бўлган ушбу йирик ун корхонасида бош директор бўлиб ишлайди.

Шоира ҲАСАНОВА

Канададаги миллионер ўзбек аёли Шоира Ҳасанова 1969 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1993 йилда Самарқандда давлат университетининг рус филология факультетини тамомлаган. Илк касбий фаолиятини таржимонликдан бошлаган Шоира 1993 йилда БАА га кўчиб ўтиб ўз касбий фаолиятини давом эттирди. У Гонконгда шериклик асосида ташкил этилган заргарлик ширкатларидан бирининг соҳибаси ҳисобланади. Ҳозирда у оиласи билан Канадада яшайди. Ўзи туғилиб ўсган Пайариқ туманида юзлаб иш ўринлари яратган. Челак шаҳридаги бозор қурилишига катта ёрдам берган. Тумандаги йирик савдо мажмуасининг эгаси.

Интернет материаллари асосида З.Мирзабоева тайёрлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
01.04.2021 15:05
Qoniqarli, lekin yetarlicha ma'lumot mavjud emas