Эркин Турдимов ҳокимлиги остида ҳамон болалар 15 км. узоқдаги мактабга пиёда қатнаб келмоқда

10.02.2021 14:39 - 2750

Мана неча йиллардан буён Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида бир нечта қишлоқ аҳолиси фарзандлари мактабга бориб қайтиш учун 30 км. оғир йўлни пиёда босиб келмоқда. Аммо энг ачинарлиси, ҳозиргача бу ҳолат ҳеч бир мутасаддини заррача ўйлантирмаётган кўринади.

Rost24.uz ахборот сайтида Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг Оқтош қишлоғидаги 51-умумтаълим мактабига болалар 15, 14, 13, 12 км. узоқликдан қатнаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. Мухбиримиз Оқтош қишлоғи мактаб маъмурияти билан учрашиб, вазиятни тўлиқ ўрганди, қишлоқ, маҳаллалардаги муаммоларни матбуотга олиб чиқди.

Мақола эълон қилингач эса бизга Қўшработ тумани қишлоқлари аҳолисидан бир неча бор қўнғироқлар бўлди. Мурожаатчилар интернетга чиққан маълумот учун маҳалла раиси уларга пўписа қилганини айтишди. Мақола учун интервью берган респондентларимиз, туман ҳокимияти таҳдиди сабаб ўз интервьюларидан ҳам тонишди. Расмий ташкилотларнинг жавоби эса бизни янаям ҳайратлантирди.

Халқ таълими вазирлиги жавоби

Халқ таълими вазирлиги Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани халқ таълими мудирининг маълумотига асосланиб қуйидаги жавобни берди:

“Қўшработ туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактабига ўқувчиларнинг 15 километргача масофадан қатнаб ўқиётганлиги ҳақида маълумотлар эълон қилинди.

Туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Оқтош қишлоғида жойлашган ушбу мактабда жами 218 нафар ўқувчи таълим-тарбия олишади. Уларнинг 78 нафари бошланғич синф ўқувчиларидир.

Ҳақиқатдан ҳам мактабнинг аксарият юқори синф ўқувчилари 10 километрдан 15 километргача бўлган масофадан қатнаб ўқишади. Албатта, бу ҳолат уларга қийинчиликлар туғдиради. Ана шу муаммо сабабли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мактабнинг қўшимча филиаллари қурилган. Айни пайтда ҳам Бирлик қишлоғидаги мактаб филиалида қурилиш ишлари олиб борилиб, муаммонинг нисбатан олди олинишига эътибор қаратилмоқда”, дейилади вазирлик жавобида.

Аммо, ҳақиқий вазиятга кўра Бирлик қишлоғидаги мактаб филиали қуриб битказилса-да, юқори синф ўқувчилари 15-10 км. узоқликдан мактабга қатнашда давом этаверади. Чунки, Бирлик қишлоғидаги мактаб филиали фақатгина бошланғич синфлар учун мўлжалланган. Қолаверса, ҳозирда ушбу филиалда қурилиш ишлари ҳам тўхтатилган. Шинам хоналарда ўтирган Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари вилоятнинг қайсидир қишлоғида болалар қор, дўл-ёмғирда мактабга бориб қайтиш учун 30 км. йўл босаётганига қайғураётгани йўқ.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги жавоби

Самарқанд вилояти ҳокимлиги жавобини ёзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Вилоят ҳокимлиги ҳам ҳозирча дастлабки имконимиз шу, дея Қўшработ туман халқ таълими мудирининг Бирлик қишлоғида мактабнинг Бирлик филиали қурилишини вазиятдан чиқишнинг йўли деб билмоқда.

Бироқ, қайта айтамизки, Оқтош қишлоғи 51-мактабнинг Бирлик филиали қурилса-да 80 нафардан ортиқ ўқувчилар билим олиш учун 15 км. пиёда йўл юриб мактабга қатнашда давом этаверади. Бошланғич синфларга мўлжалланган филиал муаммони ҳал қилмайди. 51-мактаб маъмурияти вазиятни ўнглаш учун мактаб интернат ташкил этиш таклифини киритган эди. Бу таклиф қўшимча чиқим талаб этгани учунми, «юқори»га ёқмаган кўринади.

Халқ таълими вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимияти матбуотда мақолага нисбатан жавоб эълон қилиш, ҳисобот бериш билан муаммони ҳал этдик, деб ўйлаган бўлса қаттиқ янглишади. Оқтош қишлоғи 51-мактаб ўқувчилари илм олиш учун қишда қор кечиб, ёмғирли кунларда лойга ботиб, совуқда қолиб 30 км. юриб мактабга бориб қайтмоқда.

Мана сизга “маҳаллабай” иш...

Муаммо ҳисобот бериш билан ҳал бўлмас экан. Энг зарурий эҳтиёжлардан бири – илм олиш борасида оғир қийинчиликка дуч келаётган болалар ҳамон вилоят мутасаддиларидан ёрдам кутмоқда. Ўз навбатида, Самарқанд вилояти ҳокими ҳам Қўшработ тумани қишлоқлари болалари тақдири ҳақида қайғурса, вазиятдан чиқиш чорасини топса ўринли бўлар эди. Президент маҳаллабай муаммоларни ҳал қилиш кераклигини таъкидлаб келмоқда. Қўшработ тумани қишлоқларининг маҳалла раислари эса илм олишга қийналаётган болалар оиласига таҳдид қилиб, камчиликларни ОАВга олиб чиқмасликни сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, Оқтош қишлоғидаги 51-умумтаълим мактабига бошланғич синфни тугаллаган 9 та қишлоқ юқори синф ўқувчилари қатнайди.
Қишлоқлар жуғрофияси қуйидагича:

Қўшҳовуз – 15 км., Бирлик, Устик, Отқулоқ – 14 км., Ёнғоқли, Дуоба –13 км., Ноқи – 12 км., Жала – 6 км.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар