Сувга ажратилган маблағлар сувга оқиб кетяптими?

05.02.2021 08:14

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг қанча фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова республика аҳолисининг бор-йўғи 50 фоизигина тоза ичимлик суви билан таъминланганини афсус билан тилга олган эди.

Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич 70 фоизга етмайди. Баъзи қишлоқларга қувурлар етиб борган бўлиши мумкин, аммо унда сув йўқ. Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳолининг този ичимлик суви билан таъминланиши даражаси 73 фоизга етгани айтилди.

Бироқ, яқинда ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишда Мақсуда Ворисова бу кўрсаткич ҳақиқатдан узоқлигини айтиб ўтди.

Қуйида йиллар кесимида расмий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражасига оид фоиз кўрсаткичлари ва маблағларни келтирамиз.

2017 йилда эълон қилинган маълумотда Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминлангани маълум қилинган.

2019 йил 5 сентябрь куни ўтказилган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда аҳолининг 68 фоизигина тоза ичимлик суви билан таъминлангани айтилган.

Худди шу йиғилишда 2018-2019 йилларда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилашга 2 триллион 400 миллиард сўм маблағ ажратилгани қайд қилинган. Бу аввалги 10 йилда ажратилган жами маблағдан 2 баравар кўп.

2020 йилда марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 3 триллион сўм сарфланган. Бу эса 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп. Айнан шу йили Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши даражаси 73 фоизга етгани айтилган.

Бироқ, депутат Мақсуда Ворисовага ишонилса, ҳаттоки 70 фоиз сифатида юқорига берилган маълумот анча ҳақиқатдан йироқ. Аслида аҳолининг 50 фоизигина тоза ичимлик билан таъминланганига ишониш мумкин. Мазкур соҳа мутахассисларининг маълумотлари ҳукумат томонидан айтилган кўрсаткичлардан янаям фарқ қилади.

2019 йил Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти директори Ботир Абдуллаевнинг берган маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг бор йўғи-30 фоиздан ортиғи тоза ичимлик суви билан таъминланган.

Оддий савол туғилади: нега йил сайин сувга сарфланган маблағ ортиб борса-да, аҳолининг сув билан таъминланиш даражаси ошаётгани йўқ?

Ҳаттоки пойтахт яқинидаги аксарият қишлоқларда ҳам ҳамон тоза ичимлик суви муаммолигича қолмоқда. Ажратилаётган 2-3 триллион маблағлар гўёки сувга оқизиб юборилаётгандек.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
05.02.2021 14:22
Қонун ишламаса шунақа бўлади.
05.02.2021 09:06
Молодец